Орамиздаги одамлар: Раис момо
Хатирчи туманидаги Авоҳли маҳалласи тоғдан анча олис. Шимол тарафдан Зарафшон дарёси оқиб ўтгани учунми, бу ерда деҳқончиликда сувдан муаммо бўлмайди.
Хатирчи туманидаги
Ҳудуд аҳолиси аҳил, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Маҳаллада истиқомат қилувчилар деҳқончилик, чорвачилик ва паррандачиликнинг ҳадисини олган. Боғдорчиликда эса хонадонлар бир-биридан ўзаман дейди. Бу ердаги фуқаролар доим яхшилик қилиш, одамларга эзгулик улашиш ҳақида ўйлайди. Зеро, қишлоқнинг самимий ва камтарин инсонлари бу ўткинчи дунёда инсондан фақат эзгу ном қолишини яхши билади. Ушбу фаровон маҳаллага Инобат Олимова раислик қилади. Опани алоҳида таъкидлашимизга сабаб бор. У бошчилигида маҳалла кўплаб ўзгаришларга юз тутмоқда.
Энди опа ҳақида.
Бир вақтнинг ўзида раҳбар, фидойи инсон, меҳрибон она вазифаларини аъло даражада бажараётган Инобат опа заҳматкаш фермер ҳамдир. 55 гектар ерга вақтида ишловини бериб, мўл-кўл ҳосил олади. 27 гектар ерга ғалла, 28 гектар ерга пахта экади. Фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, бунда чорвачилик ҳам йўлга қўйилган.
– Маҳалламизда ҳали қилинадиган ишлар кўп, – дейди Инобат Олимова. – Ўзбекистон фуқароси мамлакатнинг қайси ҳудудида бўлмасин, бахтли яшашга ҳақли. Қишлоғимизда мактабгача таълим муассасаси очилди. Энди набираларимиз замон талабларига жавоб берадиган масканда тарбия олади. Яхши шароитларда ўқиб, мамлакатимиз корига ярайдиган ўғил-қизлар бўлиб етишади. Ўзимиз мактабгача таълимни уйда олганмиз,эски,
Эрта турган кишини, худо ўнглар ишини деганларидек, опа ҳар куни саҳарлаб туради. Ўзи бошчилик қиладиган “Султонали Жавоҳир” фермер хўжалиги ҳудудига қарашли ердан хабар олгани боради. Шудгор қилинган ерни кузатади. (Ҳадемай чигит ерга қадалади. Опанинг иши янада кўпаяди). Униб чиққан буғдой майсалари билан суҳбатлашади. Опага буғдойдан мўл ҳосил олиш янгилик эмас. Қарийб 20 йилга яқин ер билан сирлашиб, деҳқончиликда илм ва малакаси ошган. Шунинг учун ҳосил йиғиш чоғида уялиб қолмайди. Ғалвирни сувдан кўтариш вақти келганда хирмонлар баланд, ҳосил мўл бўлади.
Инобат опа ҳар куни эрталаб соат 8.00 да маҳаллада бўлади. Кимнинг дарди бўлса, уларнинг суҳбатини олади, муаммосига ечим излашга киришади. Опа маҳаллага раис бўлиб сайланганига қарийб бир йил бўлибди. Тўғри, унча катта вақт эмас, аммо маҳаллада бу вақт ичида катта ўзгаришлар бўлди. Бир йил давомида бирорта жиноят содир бўлмади, 10 дан ортиқ намунали тўй ўтказилди, шукрки, бирорта ҳам ажрим кузатилмади. Маҳалладаги эски уйлар ҳашар йўли билан таъмирланди, бузилгани тузатилди,қишлоқ марказида замон талабига мос савдо расталари қад кўтарди. Анча эскириб қолган ва таъмирталаб масжид ҳомийлар кўмагида замонавий қиёфада қад ростламоқда. Шунинг учун ҳам маҳалла нуронийлари хушмуомала раисдан мамнун. Ёшлар эса Инобат опани раис момо, дея эъзозлашади, ҳурматини жойига қўяди.
Бугун қишлоқ аҳолисининг яшаш тарзи анча яхшиланган. Ҳар икки хонадон эгасидан бирида машина бор. Хатирчининг чекка қишлоғи ҳисобланадиган ушбу ҳудудда замонавий, кўркам уйлар қад кўтармоқда.Буларнинг барчаси одамларнинг дунёқараши ўзгарганидан далолат бўлса, чекка-чекка ҳудудларга ҳам бунёдкорлик ишлари етиб борганининг яққол исботидир.
– 2019 йилнинг 12 май санасида бўлиб ўтган сайловда Инобат маҳалламизга раҳбар этиб сайланди, – деди маҳалла фаоли, нуроний Нарзулла Кенжаев. – Ўзи пишиқ, меҳнаткаш аёл. Каттанинг гапига киради, кичикнинг сўзини олади. Сайланганига кўп бўлмасдан турмуш ўртоғи бандаликни бажо келтирди. Тақдир экан. Инобатнинг бироз қадди букилди, аммо тезда ўзини ўнглаб олди. Умрини меҳнатга бахшида қилишда давом этди.
– Болаларим ўқиши ва ишидан ортиб, менга кўмаклашади, – деди Инобат опа. – Ота-боболаримиздан қолган чавандозликка бўлган қизиқиши баланд. Ҳозир туманнинг олди полвонларидан. Майдонда ор, номус талашиб, қўли баланд келганда полвон ўғилларим ютуқларидан бошим кўкка етади. Ўзбекистоннинг қаерида кўпкари ўтказилса, болаларим нуфузли ўринларни олиб келади. Яқинда Қирғизистонга, ундан кейин Туркияга борармиш, илоҳим омадларини берсин. Отасининг руҳлари қўллаб, кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшилсин, дейман.
Бугун мамлакатимизда мавжуд 80 мингдан ортиқ фермер хўжаликларининг 7 фоизидан ошиқроғини хотин-қизлар бошқармоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари орасида аёл раҳбарлар сони кўпаймоқда. Буни аёл зотига ҳурмат ва ишонч дея эътироф этиш мумкин. Туман ва шаҳарларимизга ҳокимлик вазифалари аёлларга ишониб топширилаётгани эса жамиятда уларга бўлган ишонч ортгани, эътибор янада кучайганини кўрсатади. Жамиятда аёллар фаол бўлса, мамлакат тараққий этиб, янада барқарор ривожланади.