Қоракўлчилик ширкатларида иш қизғин
Навоий вилояти қоракўлчилик ширкат хўжаликлари чорвадорлари жорий йилги қўзилатиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрди. Айни кунларда хўжаликларда парваришланаётган 351 минг бошдан ортиқ совлиқдан соғлом насл олинаётир.
Навоий вилояти қоракўлчилик ширкат хўжаликлари чорвадорлари жорий йилги қўзилатиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрди. Айни кунларда хўжаликларда парваришланаётган 351 минг бошдан ортиқ совлиқдан соғлом насл олинаётир.– Бу йилги қўзиларнинг барчасини ўстиришга қолдириш режалаштирилган, – дейди “Навоийқоракўл” бирлашмаси бош мутахассиси Тўлқин Тожимуродов. – Ҳозиргача қўйларнинг 111 мингдан зиёди қўзилади.
Қўзилатиш мавсумида ширкат хўжаликларига махсус зооветеринарлар бириктирилиб, отарларда доимий назорат ўрнатилди. Чўпонларга мавсумий кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилаётир. Бу ишлар қўй-қўзиларда учрайдиган турли касалликларнинг олдини олиш, чўпон-чўлиқларга қулайлик яратиш, мавсумни муваффақиятли ўтказиш имконини бермоқда. Томди, Конимех туманларидаги “Керизбулоқ”, “Сарибел” ширкат хўжаликларида қўзилатиш қарийб 60 фоизга бажарилгани шундан далолат.
Вилоятнинг Қизилқум кенгликларида асосан сур, қора ва кўк рангли қоракўл насллари парваришланаётир. Нурота тумани ширкат хўжаликлари эса зармалла типдаги қоракўл қўзилари етиштиришда катта тажриба тўплаган.
– Қишдан соғлом чиққан 6 минг бош совлиқдан ҳозирга қадар 4 минг 800 бош соғлом қўзи олдик, – дейди “Конимех” қоракўлчилик ширкат хўжалиги раиси Фазлиддин Аҳмедов. – Бунда хўжалигимиздаги 26 отар тажрибали чўпонларининг муносиб ҳиссаси бор. Қўзиларнинг барчаси ўстиришга қолдирилмоқда.
Қоракўлчилик ширкат хўжаликларида жун етиштириш ҳам яхши йўлга қўйилган. Конимех тумани ҳамда Зарафшон шаҳридаги жунни қайта ишлаш корхоналарида хомашёнинг асосий қисми қайта ишланиб, ярим тайёр ва тайёр маҳсулот ҳолида харидорларга етказиб берилмоқда. Мисол учун, Конимехдаги “Qizilqum wool tex” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида жун-калава тайёрланиб, турли ёпинчиқ ва тўшамалар ишлаб чиқарилади. Зарафшон шаҳридаги “Велан” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонасида эса жундан жун пайпоқ, махсус белбоғ ва бошқалар тайёрланаётир.