Қорақалпоғистондаги саҳро мўъжизаси
Қорақалпоғистон заминида мўъжизакор масканлар кўп. Шулардан бири 2016 йилда иш бошлаган йирик корхона – Устюрт газ-кимё мажмуасидир.
Қорақалпоғистон заминида мўъжизакор масканлар кўп. Шулардан бири 2016 йилда иш бошлаган йирик корхона – Устюрт газ-кимё мажмуасидир.
Оқчўлоқ деб номланадиган ҳудудда шундай корхонанинг қад ростлаши бепоён ва буюк Устюрт далаларига яна тамаддун бешигини қайтаргандек, гуё. Бу ерларда қадим замонларда саклар, массагетлар, сарматлар кўчиб юрган бўлса, ўрта асрларда Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи ўтган, яъни Буюк Хитой деворларидан Қуйи Волга ҳудудларигача минглаб карвонлар шу ерлар орқали ўтган. Кейинчалик саҳрода чўпонлар макон қилиб, чорвачилик ривожланган.
Оқчўлоқ номи келиб чиқишининг ҳам ўз тарихи бор.
Бу ерда яшовчи чўпоннинг молларига оқ бўри тез-тездан ҳужум қилиб, талафот келтириб турган. Бир куни чўпон бўрига қопқон қўяди. Бўри қопқонга тушиб қолади. Лекин, бўри одамнинг қўлига тушиб қолишни истамай, ўзининг оёғини ўзи чайнаб узиб, қопқондан қутилиб кетади. Оқ бўри чўлоқ бўлиб қолади. Шундан кейин аҳоли бу жойни Оқчўлоқ деб атаган. Айнан Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилган ҳудуд ушбу бўрининг номи билан боғлиқ.
Ҳозирда бу ерда қурилган посёлкага Қирққиз деб ном берилган.
– Мажмуамизда 1500 га яқин ишчилар 24 соат давомида фаолият кўрсатади. Аксарият ходимларнинг иш тартиби 12 соатлик қилиб белгиланган, – дейди “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ Қўшма корхонаси бошқарув раиси Нарбай Аннаев. – Мажмуа ишчиларининг ҳаммаси чет тилларини ўзлаштирган. Уларнинг яшаши учун қулай шароитларни яратиш мақсадида, янги турар жой посёлкаси бунёд этилди. Ҳозирги пайтда 140 та коттеж, 144 кишилик 3 та ётоқхона, бозор қурилган. Болалар боғчаси, мактаб, поликлиника қуриш ва посёлка инфратузилмасини янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Ҳозирги пайтда ишлаб чиқарилаётган полимер маҳсулот экспортга, Марказий ва Шарқий Осиё, МДҲ ва Европа давлатларига жўнатилмоқда. Шунингдек, ички бозор орқали ЎзРТХБнинг савдо майдончаси орқали сотилмоқда.
Мажмуанинг ишлаб чиқариш қуввати қуйидагича:
- “Сурғил” конидан йилига 3 миллиард кубометр табиий газ қазиб олинади ва транспортировка қилинади;
- “Сурғил” конидан йилига 115 минг тоннадан ортиқ газ конденсати қазиб олинади, дастлабки тайёрланади ва ташилади;
- Устюрт газ-кимё комплексида чуқур ишлов берилади ва қимматли компонентлар ажратиб олинади.
Устюрт газ-кимё мажмуаси йилига 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз дистилляти, 8 минг тонна пиролиз мойи (у кейинги ишлов бериш ва маҳсулот олиш учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига жўнатилади)ни ишлаб чиқаради. Мажмуа 5 та заводдан ташкил топган:
Газни ажратиш қурилмаси:
Газни ажратиш қурилмаси Samsung Engineering Co Ltd компанияси томонидан қурилган. 2015 йил август ойидан бошлаб табиий газни ажратиш қурилмаси Сургил, Ғарбий ва Шарқий Бердах конларидан табиий газ олишни бошлади. Бугунги кунда завод кирувчи табиий газни метан (саноат газ), этан, суюлтирилган нефт ва газ конденсати каби фракцияларга ажратмоқда.
Этилен заводи:
Этилен заводи GS Engineering & Construction Corp. томонидан қурилган. Завод этилен ва пропилен ишлаб чиқариш технологиясига асосланган.
Полиетилен ва полипропилен ишлаб чиқариш заводлари.
Устюрт ГКМ томонидан ишлаб чиқарилган биринчи юқори зичликли полиэтилен 2015 йил 25 октябрда олинган ва 2015 йил 5 ноябрдан турли навларга эга полипропилен ишлаб чиқариш бошланган. Заводлар Samsung Engineering Co Ltd томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган.
Заводнинг технологик лицензиати дунёга машҳур Lotte Chemical компанияси бўлиб, унинг лицензияси бўйича дунёнинг 18 мамлакатида йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритади.
Полимер заводида полимерлаш реакцияси, полиэтилен ва полипропиленни ажратиш, қуритиш ҳамда гранулазациялаш ишлари амалга оширилади
Энергия таъминоти станцияси:
У Hyundai Engineering компанияси томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган. Завод бутун мажмуанинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларини электр энергияси, газ азот, техник ҳаво, юқори босимли буғ, техник ва қайта тозаланган сув билан таъминлайди. Шунингдек, Устюрт газ-кимё мажмуаси лойиҳаси бўйича Siemens компаниясининг газ турбинали генераторлари ишламоқда, улар бутун мажмуани энергия билан таъминлайди ҳамда бир вақтнинг ўзида ташқи энергия тармоғига ҳам электр энергиясини етказиб беради.