Қорақалпоғистон 1965 йилги эпидемияни қандай енган эди?
Қорақалпоғистонда 1965 йилда тарқалган вабо эпидемияси бутун Собиқ Иттифоқини ларзага келтирди.
Қорақалпоғистонда 1965 йилда тарқалган вабо эпидемияси бутун Собиқ Иттифоқини ларзага келтирди. Шу йили июн-июл ойларида диарея билан оғриган беморларни қабул қилган маҳаллий тиббиёт ходимлари август ойининг бошигача бу касалликнинг вабо эканлигини билмаган. Хўш, бу эпидемия қандай пайдо бўлган эди ва карантин ҳолати қанча вақт давом этган эди?
- Карантин сўзи асли италян тилидан олинган бўлиб, «қирқ кун» деган маънони англатади. Карантиннинг ўзи ҳам Италияда илк бор 14-асрда қўлланган. Шунда ўлат тарқалган юртдан келган кема 40 кунгача қирғоққа якинлаштирилмасдан денгизда ушлаб турилган.
–Қорақалпоғистонда 1965 йилги вабо эпидемияси пайтида карантин ҳолати 10 августдан бошланиб 17 октябрда тугади, яъни икки ойдан кўпроқ вақт карантин жорий қилинди, – дейди Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Абдукарим Мамбеткаримов, – Биз у пайтда Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 5 курсда таҳсил олардик. 6 август куни биз Чирчиқда ҳарбий дала амалиётида машғулотда эдик. Бир пайт милтилловчи чироқлари бор ҳарбий машиналар келиб, ичидан совуқ кийинган ҳарбийлар бизга махсус топшириқ бўйича келганини таъкидлаб, ортиқча юк олмай фақат керакли нарсаларни олиб, тезда машиналарга чиқишимизни буюрди. Сўнг 250 нафар талабалар (фақат эр болалар) ҳарбий самолётларга миндик. Қаерга бораётганимизни билмасдик. Сўрасак, ҳеч ким айтмайди. Боргандан кейин билиб оласиз, деди. Бир пайтда Нукусга яқинлаганимизда дарҳол танидик. Нукусда махсус жойларга жойлаштирилдик. Билсак, Қорақалпоғистонда вабо эпидемияси тарқаган экан. Талабаларни туманларга эпидемиолог врач сифатида тақсимлади. Мен Кегейли туманининг Энгельс совхозига бириктирилдим. Ушбу аҳоли яшаш пунктида мингдан ортиқ хонадонда тўрт ярим минг одам истиқомат қиладиган бўлса, шунча одамга 35 койкали битта касалхона ва унда битта врач ва иккита ҳамшира хизмат кўрсатар эди.
Карантин ҳарбий тартибда амалга оширилди. Туманлар, қишлоқлар ўртасида қатновлар тўхтатилди. Барча ўтиш жойларини ҳарбийлар назоратга олди. У йилларда қишлоқларда одамларнинг санитария-гигиена нормаларига амал қилиш даражаси жуда паст эди. Уйларда оддий ҳожатхона ҳам йўқ эди. Бизларнинг асосий ишимиз ҳар бир уйда ҳожатхона бўлишини таъминлаш бўлди ва бу бўйича ҳар куни марказий штабга ҳисобот бериб бордик. Барча уйларга дезинфекциялаш воситалари бепул тарқатилди. Қишлоқларда у пайтда қора чивин ҳаддан ташқари кўп эди. Шу йили санитария-гигиена ва эпидемияга қарши қўлланган тадбирларимиз натижасида эпидемия тарқатувчи қора чивинлар ҳам йўқ бўлди.
У пайтларда аксарият уйларда ошхонаси ва ётоқ хоналари аралашиб ётарди. Биз ҳар уйга бирма-бир кириб, уйларни дезинфекция қилиш тартибларини, ошхонани ва идиш-товоқларни тоза ушлашни, қўлларни тез-тездан совунлаб ювиб туришни (асосан овқатланишдан олдин), ҳожатхоналарга хлорли оҳак сепиб туришни ўргатиб бордик. Бир сўз билан айтганда 1965 йилги эпидемияга қарши қилинган тадбирлар аҳолини маданиятга, тозаликга риоя қилишни ўргатди, дейиш мумкин.
Эпидемия вақтида СССР Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Аветик Бурназян шахсан ўзи Нукусда бўлиб бутун Иттифоқдан малакали тиббиёт мутахассисларини Қорақалпоғистонга жалб қилган. У Нукусда партия йиғилишини ўтказиб, шу пайтда Қорақалпоғистон АССР Соғлиқни сақлаш вазири Рейп Бабаназаровни вабо эпидемияси тарқалишида айблаб, уни ишдан олинишини ва партиядан чиқарилишини, шунингдек жиноий жавобгарчиликка тортишни таклиф қилган. Лекин, шу пайтда Қорақалпоғистон обкомининг биринчи котиби Қаллибек Камалов унга йўл қўймаган. Замондошларининг эслашича, Рейп Бабаназаров шу йиғилишдан қаттиқ изтиробга тушган ва бир кун ичида қора сочлари оқариб кетган. Лекин, вабо эпидемиясининг бартараф қилинишида у киши катта меҳнат қилганлиги айтилади.
Айнан Рейп Бабаназаровнинг 1967 йилдаги ҳимоя қилган диссертациясида вабо эпидемияси тўғрисида қуйидагилар маълум қилинган.
1965 йил июл ойида Қорақалпоғистоннинг бир қатор туманларида ўткир диарея қайд этила бошланди. 12 июл куни "Совет Қорақалпоғистони" колхозида яшовчи 35 ёшда К.М. кўп қусиш ва ҳушини йўқотган ҳолда Нукус шаҳар касалхонасига ётқизилди. Бир кун олдин, у аэропорт яқинидаги кўлда чўмилиб, аэропорт ресторанида овқатланган экан. 15 ва 17 июл кунлари яна икки қўшни аёл ўткир диареядан вафот этади. Улардан бирининг қариндоши Нукус аэропортида ишлар экан ва 15 июл куни унга "сурункали гастритнинг кучайиши" ташхиси қўйилган. Бир ҳафта ўтгач, ўша кўчадан яна бир аёл ўткир ичак касаллигидан вафот этади. Кейин унинг олдига келган одам ҳам касал бўлиб қолади ва у ўз навбатида ўғлига, акасига ва хотинига ҳам касални юқтирган. Уч кундан кейин учаласи ҳам вафот этган.
Кегейли туманининг Жданов номидаги совхозида яшовчи 70 ёшли момо аэропортда ишлайдиган қариндошининг уйида бироз вақт бўлиб уйига қайтгач, 30 июлда ўткир ичак касаллигидан вафот этади. Унинг жанозасига қатнашган яна икки аёл 4 кун ўтиб худду шу касал билан ҳаётдан кўз юмади.
Шундай қилиб, эпидемиянинг тарқалиши Нукус аэропорти атрофида бўлган, лекин бу пайтда вабо ҳудуднинг анча кўп жойларига тарқаб кетган эди.
Август ойининг бошига келиб, ўлим билан якунланаётган ўткир диареянинг кўпайиши Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш идораларини хавотирга солди. Оммавий касалликлар пахтага сепилган пестицидлардан заҳарланиш сифатида қабул қилинди. 6 август куни инфекциячилар ва эпидемиологлар гуруҳи Нукусга келди. Кегейли, Чимбой туманлари ва Нукус шаҳар касалхоналаридаги беморларни кўриб, консультантлар уларга «грипп» (!) ва «пестицидтан заҳарланиш» деб таҳминий ташхис қўйди. Батериологик текширув ўтказилмади.
Ўша пайтда вабо лабораторияси томонидан олинган материални ўрганган Ўрта Осиё Вабога қарши институтининг Эпидемиология бўлимининг ходими В.Л.Семиотрочев бу касалликнинг вабо эканлигини тасдиқлаган.
Лекин, шу пайтда мутасаддилар бу касалликнинг вабо эканлигини инкор қилишга уринган. «Совет Қорақалпоғистони Ҳиндистон эмас ва бизда вабо йўқ. Совет ҳақиқатига доғ туширадиган бундай ташхисни таклиф қилганларга тегишли санкциялар қўлланиш лозим!» деб пўписа қилинган. Шунга қарамай, мазкур вазият фавқулодда чораларни кўришни талаб қилди ва 8 августда касалликнинг вабо эканлиги ҳукумат даражада расмий тан олинди.
10 августдан бошлаб Қорақалпоғистон бўйлаб карантин жорий этилди. Республикага 1380 тиббиёт ходими, шу жумладан 460 шифокор, 548 тиббий ёрдамчи, 269 тиббиёт талабалари, 103 фармацевт ва бошқалар келган. СССР соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.И. Бурназян эса СССР Вазирлар Кенгашининг фавқулодда вакили этиб тайинланди. СССР Тиббиёт фанлари академиясининг тўлиқ аъзоси, профессор Н. Н. Жуков-Вережников бактериологлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ва соғлиқни сақлаш ташкилотчиларининг маслаҳатчилар гуруҳини бошқарди.
Вабо патогенини юқтирган одамлар аниқланган барча аҳоли пунктлари вабо ўчоқлари деб эълон қилинди. Маҳаллий тиббиёт муассасаларининг бош врачлари ўчоқ бошлиқлари этиб тайинланиб, уларга аниқ ҳудудлар бўйича вабога қарши тадбирларини ўтказиш буюрилди.
Касаллик авж олган ҳудудлар ҳарбийлар ва милиция томонидан қуршаб олинди. Автомобил йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар ва дарё портларида назорат-ўтказиш пунктлари ва санитария-карантин пунктлари ташкил этилди. Карантин ҳудудга кириш ва чиқиш фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилди.
Вабога қарши кўрилган барча тадбирлар натижасида Қорақалпоғистонда бир ой ичида ушбу касаллик бартараф қилинди.
Бу СССРда вабонинг оммавий тарқалишига қарши курашдаги биринчи тажриба эди.
1965 йилги тарқалган вабода Қорақалпоғистон бўйича 81 нафар киши кўз юмган.
- Коронавирусни ҳам биз тезда енгамиз. Коронавирус билан холеранинг фарқи шундаки, холера ошқозон орқали ўтади, яъни ифлос қўл билан овқатланиш орқали юқиши мумкин. Коронавирус эса ҳаво орқали ҳам юқади. Шунинг учун бугунги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ҳукуматимиз томонидан тақдим қилинаётган барча сақланиш қоидаларига тўла риоя қилишимиз зарур. Кўпга келган тўйни тартиб билан енгамиз, - дейди Ўзбекистон Врачлар ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Абдукарим Мамбеткаримов.