Ўқувчиларнинг билими янги тизим асосида баҳоланди
Андижон шаҳридаги 35- давлат ихтисослаштирилган мактабида чораклик сумматив баҳолаш бўйича имтиҳонлар бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, умумтаълим мактабларида ўқитишга, ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолашга илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий ўқув йилидан бошлаб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги танлаб олинган таълим муассасаларида тажриба-синов тариқасида чораклик суммматив баҳолаш бўйича имтиҳонлар ўтказилиши белгиланган.
[gallery-15222]
Андижон вилоятидаги 32 та ихтисослаштирилган мактабда ана шундай имтиҳонлар ўтказилди.
Андижон шаҳридаги 35- давлат ихтисослаштирилган мактабининг ўзбек ва рус синфларида 1 минг 845 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бугун мазкур мактабнинг 5-11 синф ўқувчилари чораклик суммматив баҳолаш бўйича имтиҳонлар топширди.
Имтиҳонлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошидаги марказ томонидан ишлаб чиқилган тест асосида ўтказилиб, ўқувчиларнинг олган билимлари баҳоланди.
–Баҳолашнинг ушбу тизими дунёдаги кўплаб ривожланган давлатларнинг таълим тизимида қўлланиб келинади, – дейди мактаб директори Раънохон Исломова. – Тизимнинг афзаллиги шундаки, баҳолашга ўқитувчи аралашмайди, ўқувчи саволларга олган билими даражасида жавоб беради. Имтиҳон натижалари таҳлили эса мактаб салоҳиятини, ҳар бир ўқувчининг реал билимини кўрсатиб беради. Натижада қайси фан бўйича қайси ўқувчи билан қўшимча ишлаш зарурлиги аниқ кўринади.
Имтиҳонлар вилоятдаги 32 ихтисослаштирилган мактабнинг барчасида белгиланган тартиблар асосида, юқори савияда ўтди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари