Меҳринисо Муҳсинова синф раҳбарлик қилиб келаётган ўқувчилар жорий йилда мактабни битиради.
Устоз учун қадрдон ўқувчилари билан хайрлашиш албатта, оғир. Бироқ уларнинг Ватан корига яраш, элу юртга муносиб фарзанд бўлиб, мамлакат ривожи учун муносиб ҳисса қўшиш мақсадидаги астойдил интилишлари устозни қувонтиради. Кўксини фахр ва ғурурга тўлдиради.
– Синфимда 37 нафар ўғил-қиз таҳсил олади, – дейди Бухоро шаҳридаги 17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Меҳринисо Муҳсинова. –Бугун уларнинг ҳар бири ўз танлаган йўли ва аниқ мақсадларига эга. Бари илмга чанқоқ, интилувчан, зукко ва истеъдодли ўқувчилар. Айни пайтда уларнинг 31 нафари мактабдаги ва мактабдан ташқари фан тўгаракларига, 3 нафари эса спорт тўгарагига мунтазам қатнашиб келмоқда.
Энг қувонарлиси, устоз Меҳринисо Муҳсинованинг ўқувчиларидан 7 нафари мактаб партасидаёқ хорижнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга кирди. 14 нафар ўқувчилари тил билиш даражасини белгиловчи IELTS сертификати, 2 нафари Россиянинг Глуховский номидаги университети томонидан ўтказилган тест синовларида қатнашиб имтиёз берувчи сертификатлар, бир нафари математика фани бўйича миллий рейтинг сертификатини қўлга киритди. Ҳали бу натижаларнинг салмоғи янада ошиши кутилмоқда.
Ўқувчиларнинг 4 нафари фақат аъло баҳоларда ўқиб, намунали аттестатни олиш арафасида турибди. Синфда мактаб ёшидан тадбиркорликка қўл уриб, оиласига, атрофдагиларига нафи тегаётган ўқувчилар ҳам бор. Улардан бири сартарошлик ва фасад дизайни соҳасини ўрганмоқда. Шу касби ортидан яхшигина даромад топяпти.
Зариф Комилов, ЎзА