Ўқувчилар мусобақаси
Тошкент давлат транспорт университетида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Университет кубоги” спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти ва пойтахтимиздаги 8 та умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари иштирок этган спорт мусобақасида тўпни қўлда ушлаган ҳолда югуриш, арғимчоқда сакраб югуриб келиш, баскетбол тўпини ерга урган ҳолда югуриш, футбол тўпи билан ҳаракатланиб югуриш, баскетбол тўпини саватга ташлаш, арқон тортиш бўйича баҳслашилди.

Мусобақа аввалида транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов сўзга чиқиб, юртимизда ёшлар камолоти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлади. Таътил олдидан ташкил этилган мазкур спорт мусобақалари ўқувчиларнинг билим олиши ҳамда истиқболда соғлом ва фаол турмуш кечиришида кўмаклашиши таъкидлади.

Мусобақа натижаларига кўра, 1-ўринни 214-сонли умумтаълим мактаби, 2-ўринни 218-сонли умумтаълим мактаби, 3-ўринни 125-сонли умумтаълим мактаби жамоалари қўлга киритди.

Шунингдек, “Энг чаққон”, “Энг эпчил”, “Энг фаол”, “Энг тезкор”, “Энг уддабурон” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди. Мусобақа ғолиблари университет томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА