Ўқувчилар МИБ фаолияти билан танишди
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси ташаббуси билан Андижон юридик техникуми ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Юридик техникумда таҳсил олаётган ёшларни касбга қизиқтириш, уларга мажбурий ижро бюроси фаолияти, касб этикаси хусусида кенг маълумот бериш, қолаверса, билим, малака ва тажрибаларини янада бойитиш мақсадида ташкил этилган тадбир ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Дастлаб ўқувчи ёшлар билан бошқарма мажлислар залида давра суҳбати ўтказилди. Унда бошқарма кадрлар шўъбаси катта инспектори Бобуржон Қосимов Мажбурий ижро бюроси фаолияти, хизматга қабул қилиш талаблари бўйича маълумот берди. Ўқувчилар эса соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари бошқарманинг туманлараро бўлими, суриштирув ва маъмурий амалиёт, ахборот таъминоти ва қидирув ҳамда мурожаатлар билан ишлаш шўъбалари фаолияти билан танишди. Ўқувчи ёшлар ижро ҳужжатлари бўйича расмийлаштирилган айрим ҳужжатлар намуналарини ҳам кўздан кечирди.
[gallery-3035]
Мурожаатлар билан ишлаш шўъбаси томонидан замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда келаётган ариза ва шикоятларни қабул қилиш жараёнлари ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
– Ташкил этилган тадбир жуда қизиқарли бўлди, – дейди Андижон юридик техникуми давлат хизматлари йўналиши ўқувчиси Диёрбек Рустамов. – МИБ фаолияти ҳақида кенг тушунчага эга бўлдик, амалий жараёнларга оид маълумотлар орқали олган билимларимиз янада мустаҳкамланди. Соҳага бўлган қизиқишим янада ортди. Келгусида олий маълумот олиб, шу тизимда ишлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Мазкур тадбир орқали ўқувчи ёшлар бюро органлари фаолияти хусусида кенг маълумот ва тасаввурга эга бўлди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА