Ўқувчилар ҳарбий ҳаётга саёҳат қилди
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги ҳарбий қисмда ўқувчилар учун “Ҳарбий ҳаётга саёҳат” шиори остида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Ўқувчи-ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм хизматчилари томонидан кўргазмали чиқишлар, қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар намойиши, амалий машғулотлар ўтказилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда умумтаълим мактаблари ҳарбий қисмларга бириктирилган ҳолда, барча мактабларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфи зарур ўқув-ҳарбий аслаҳалар билан жиҳозланиб, полигонлардаги жанговар тайёргарлик машғулотлари ва тактик ўқувларида ёшларнинг иштироки таъминланмоқда.
[gallery-439]
Вилоятда шунингдек, Мудофаа вазирлиги томонидан ёшлар билан ишлашнинг янги тизими жорий этилган. Мазкур тадбирлар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва касб-ҳунарга йўналтириш, мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишини ошириш, жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб этиш, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига жалб этиш, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича амалга оширилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар, ЎзА