Президентимизнинг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, мактабгача ва умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, унинг сифатини ошириш ҳамда таълим дастурларини такомиллаштириш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш ва ўқитувчи томонидан ўқувчиларнинг ўтилган мавзуни амалиётда қўллай билиши, танқидий фикрлаши ва берилган материални таҳлил қила олиши каби кўникмаларни баҳолаш вазифаси белгиланган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳридаги 12-сонли математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам чораклик сумматив баҳолаш жараёни бўлиб ўтди.
Мактабда 2289 нафар ўқувчига 176 нафар ўқитувчи сабоқ беради. Уларнинг 52 нафари олий, 64 нафари 1-, 41 нафари 2- ҳамда 19 нафари мутахассис даражасидаги педагоглардир. Ўқитувчиларнинг 51 нафарида турли хил даражадаги халқаро ва миллий сертификарлар мавжуд.
[gallery-15231]
Таъкидлаш ўринлики, 2023-2024 ўқув йилининг 1 чораги якунида ўтказилган чораклик сумматив баҳолаш имтиҳонлари бўйича мактабнинг 5-11 синф ўқувчилари юқори натижа кўрсатиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланган эди.
– Бу йил республикамиз бўйича 500 та умумтаълим мактабида чораклик сумматив баҳолаш тизимига ўтилди, – дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги масъул ходими Зарина Ғаниева. – Бу баҳолаш тизимининг аввалги баҳолаш тизимидан фарқли томони шундаки, бунда ўқитувчи фақат билим беради ва чорак якунида ўқувчилар томонидан марказлашган ҳолда топшириқлар олинади. Топшириқлар уч босқичдан иборат бўлиб, билиш, қўллаш ва мулоҳазаларга оид топшириқлардир. Билиш ўқувчиларнинг фан доирасида назарий билим олиши бўлса, қўллаш эса улар олган билимларни амалиётда – ҳаётда, синфдан ташқари қўллай олишидир. Мулоҳаза эса боланинг фан доирасидаги интелектуал қобилиятини оширишга қаратилган билимлари юзасидан тест топшириқларидир. Бу топшириқларни бажарган ҳолатда биз ўқитувчи ўқувчига қандай билим бериши, ўқувчининг эса қандай қабул қилишини билиб оламиз. Бугун биз ўқувчимизга 21-аср талабларига жавоб берадиган кадр қилиб тарбиялашда қандай кўникмалар, қандай билимлар беришимиз керак, деган саволларга мана шу тизим орқали жавоб бера оламиз. Бу фақат билим бериш орқали марказлашган ҳолда ўқувчининг билимини шаффоф ва адолатли баҳолашдан иборат.
Жорий ўқув йилида Навоий вилоятида чораклик сумматив баҳолаш тизими бўйича 20 та умумтаълим мактаби танлаб олинган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wkthg7-Y0rA" title="Oʻquvchilar bilimi yangi tizim orqali baholanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат,видео), ЎзА мухбирлари