Ўқувчи-ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтмоқда
Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Баркамол авлод” республика ва ҳудудий марказлари негизида “Баркамол авлод” болалар мактаблари ташкил этилди.
Мазкур мактабларнинг асосий вазифаси ўқувчи-ёшларнинг ижодий ва бадиий қобилиятини ривожлантириш, фойдали дам олишини ташкил этиш, уларда меҳнатсеварлик, касб тайёргарлигининг дастлабки ўқув кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Шу билан бирга, болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш, уларда ўлка тарихи, археологик ва маданий мерос, мамлакатимизнинг табиий бойликлари, экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид асосий билимларини такомиллаштириш мақсадига қаратилган.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 1 та республика ҳамда 18 та туман ва шаҳар “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларга 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган жами 13 минг 910 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Нукус шаҳридаги республика “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган 30 та тўгаракда 958 нафар ўқувчи билим ва маҳорат оширмоқда.
– Бугунги пандемия шароитида таълим жараёнини сифатли ташкил этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори ўринбосари Қодирбой Исмоилов.
– Ўқувчиларнинг мусиқа ва санъат, рақс, пазандалик, уй ишлари, тикувчилик бўйича маҳоратларини аниқлаш ва ривожлантириш мақсадида қатор онлайн кўрик-танловлар ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг китоб ўқишга қизиқтириш мақсадида мактаб кутубхонасида онлайн шаклдаги “Виртуал кутубхона” гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган. Бу гуруҳда мактаб кутубхоначиси томонидан “Мен севган китоб”, “Ҳафтанинг энг яхши китобхон ўқувчиси” мавзуларида викториналар ўтказиб келинмоқда.

