Ўқувчи-ёшлар республика турнирида беллашди
Давлатимиз раҳбарининг “Кураш миллий спорт турини ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора - тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йил анъанавий тарзда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказиб келинмоқда.
Бу гал Чирчиқ шаҳрида “Кураш - миллий ғуруримиз” шиори остида ўтган республика финал босқичи беллашувларида ҳудудлардан сараланган 200 нафарга яқин ёш полвонлар ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида мактаб ўқувчилари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш ва ўқувчи-ёшларни спортга кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар яна бир бор эътироф этилди.
Шундан кейин 14 та вазн тоифасида баҳсларга старт берилди. Ҳар бир вазн учун кечган беллашувлар давомида Тошкент, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари ғолибликка даъвогарлар қаторидан жой олди.

Ўтказилган финал беллашувларида Рустам Облоқулов, Баркамол Тошпўлатов, Мақсадбек Мавлонбеков каби ёш полвонлар ўз вазн тоифаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Марказий кенгаши томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА