Ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари бир маромда иситилмоқда
Андижон давлат университетида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги ишлар белгиланган чора-тадбирлар асосида амалга оширилганлиги натижасида ўқув бинолари, талабалар ётоқхоналари ва бошқа иншоотлар бир маромда иситилмоқда.
– Бугунги кунда мавжуд 5 та ўқув биноси, 5 та талабалар турар жойи ва бошқа ёрдамчи бинолар исимоқда, – дейди Андижон давлат университети ректори, техника фанлари доктори Бахтиёржон Акбаралиев. – Кўмир, табиий газ ва суюқ ёқилғи билан иситишга мўлжалланган 6 та иситиш қозонхонаси ўз вақтида сифатли таъмирланди. Ички иситиш тизими қувурлари юқори босим остида ювилиб, назоратдан ўтказилган. Шунингдек, ташқи иссиқлик трассаларининг 350 метр қисми иссиқлик сақловчи материаллар билан қопланган. Бундан ташқари, иситиш учун етарли миқдорда кўмир, суюқ ёқилғи захираси яратилган.

Тайёргарлик доирасида электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш мақсадида юқори кучланишли электр кабелларининг қобиқлари лаборатория кўригидан ўтказилиб, зарур таъмирлаш ишлари олиб борилди, яроқсиз ҳолга келган кабеллар янгисига алмаштирилди.
Ўқув бинолари ва талабалар турар жойларига 866 кВт қувватли қуёш панеллари, сиғими 8 минг литр бўлган 40 дона қуёш сув иситиш коллектори ва сенсорли датчиклар ўрнатилган.

Бино ва иншоотларни иситиш учун фойдаланиладиган қозонларни энергия тежамкор режимга ўтказиш, хоналар ва ташқи муҳит ҳароратини инобатга олган ҳолда пасайтириш мақсадида 2 та ички иситиш қозонхонаси барпо этилди. Мазкур қозонхоналарга Туркия давлатидан 3 дона 1 минг 160 кВт.ли ҳамда 4 дона 500 кВт.ли автомат бошқарув тизимига эга “Кузлусан” иситиш қозонлари олиб келиб ўрнатилди.
Кафолат муддати 15 йил бўлган ушбу қозонлар автомат ўт олдириш мосламасига эга. Ушбу қозонхоналарни ишга туширилиши натижасида университетда 600 минг м3 табиий газ ҳамда 35 минг кВт.соат электр энергияси иқтисод қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, аёзли кунларда масъуллар томонидан ўқитувчи ва ходимлар, талабалар ўртасида бинолар ичидаги иссиқ ҳароратни сақлаш, электр энергиясидан оқилона фойдаланиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича суҳбатлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари