Ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилди
Навоий давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутатларининг сайловларини ўтказувчи туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котиблари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотлари ўтказилди.
Мазкур ўқувларда тингловчиларга сайлов тизимига киритилган ўзгаришлар, аралаш сайлов тизимининг моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари, сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари, сайловчилар рўйхатини шакллантириш ва ушбу рўйхатлар билан ишлашда сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар, сайлов комиссиялари бинолари ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга қўйилган талаблар, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш, овоз бериш кунига тайёргарлик, сайлов жараёни иштирокчилари билан ҳамкорлик, шунингдек, сайлов натижаларини аниқлашнинг назарий ва амалий жиҳатлари бўйича батафсил маълумотлар берилади.

– Жорий йилдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига ўтказиладиган сайловлар янгича тизимда бўлади, – дейди Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси аъзоси Хуршид Қурбонов. – Сайловларни очиқлик ва ошкоралик билан ўтказиш жараёнига ҳеч биримиз бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча Ватанимиз келажаги учун фаол бўлишимиз зарур. Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, сайловни қонунийлик, адолатлилик, холислик ва ошкоралик принциплари асосида ўтказишда янги талабларни қўймоқда. Бу, ўз навбатида, сайлов жараёнларини қонунчиликка мос тарзда уюшқоқлик билан ташкил этиш учун, энг аввало, сайловларни ўтказувчи туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари, котиблари, аъзолари ҳамда сайлов жараёнининг бошқа ташкилотчиларининг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмасини янада юксалтириш бўйича бир қатор зарур тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Ушбу семинар-тренинглар Республика ва ҳудудий тренерлар назоратида ўқув-амалий машғулот сифатида ташкил этилмоқда. Тренингларда интерфаол воситалар ва замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланилгани машғулотларнинг сифат ва самарадорлигини оширмоқда.
Иштирокчилар семинарда олган назарий билимларини амалий машғулотларда янада мустаҳкамлади.
Туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раиси, раис ўринбосари ва котиблари учун ташкил этилган икки кунлик семинар-тренинглар якунида spv.bimm.uz порталида тест топширишиб, олган билимларини назоратдан ўтказишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири