“Оқрабод” довонида махсус-тактик ўқув машқи
Қиш мавсуми кириб келиши билан тоғлардаги довонларни оралаб ўтувчи йўлларда ҳаракатланиш қийинлашади. Айниқса, ёғингарчилик бўлиб, йўлларнинг музлаши транспорт воситаларининг ҳаракатланишида мураккаблик туғдириши табиий. Бу жараёнда ҳар қандай хавфнинг олдини олиш ва бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда унинг қуйи тизимларининг куч воситалари шай ҳолатда туриши керак.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида жойлашган “Оқрабод” довонида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги махсус-тактик ўқув машқи айнан қиш мавсумида довонларда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилди.
Ўқув машқи ғоясига кўра, довонда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ёнғин содир бўлган. Воқеа жойига зудлик билан ёнғин-қутқарув экипажлари етиб келиб, бир неча дақиқа ичида ёнғинни бартараф этди. Ўз навбатида, тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан шартли жабрланганларга ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, ўқув машқи давомида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари довонда музламалар пайдо бўлишининг олдини олишга жалб қилинган йўл хизматлари ишини мувофиқлаштирди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири