Шу кунларда республика ишчи гуруҳи томонидан “Оққўрғон тажрибаси” асосида Тошкент вилояти ҳудудларидаги энг оғир маҳаллалар танлаб олиниб, аҳолининг муаммолари “хонадонбай” ўрганилмоқда.
Бошланган “Ободонлаштириш ҳафталиги” давомида баҳорги дала ишлари уюшқоқлик билан амалга ошириляпти. Ҳар бир кўча ва маҳаллалар, қабристонлар ободонлаштирилмоқда. Аслида азалдан халқимиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратган. Чунки, покизалик бўлган жойда доим файз-барака бўлади. Албатта, ҳашарда ҳамжиҳатлик ва бирдамликнинг ўрни катта. Маҳаллаларда бошланган бу ишларга фаол ёшлар ҳам биринчилардан қўшиляпти.
Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги Ангрен шаҳар бўлими раҳбари Азизбек Парпиев бошчилигида ёшлар етакчилари “Гулзор” маҳалласида ободонлаштириш ишларида ташаббус кўрсатди. Унда маҳалланинг Охунбобоев номли кўчасида ариқ-зовурлар, мавжуд гулхоналар чиқиндилардан тозаланиб, тартибга келтирилди. Маҳалла йўллари текисланиб, ташландиқ ётган майдон обод қилинди.
Пискент туманида ҳам бу борадаги ишлар жадаллашган. Хусусан, 1-сектор ҳудудидаги “Бекобод” маҳалласидаги аҳоли хонадонлари уйма-уй ўрганилди. 511 та хонадонда яшовчи аҳолининг 180 дан ортиқ муаммолари борлиги аниқланди. Аввало, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш мақсадида иккита лойиҳа белгиланган эди. Янги ичимлик суви тармоғини тортиш, электр таъминотини яхшилаш, янги бетон устунлар ўрнатиш эҳтиёжи борлиги учун уларга биринчи навбатда зарур маблағ ажратилмоқда. Юқори Чирчиқ тумани "Уччинор" маҳалла фуқаролари йиғинида Республика ишчи гуруҳ вакиллари иштирокида ҳудуд депутатлари, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва бириктирилган вакиллар иштирокида хатлов жараёни амалга оширилмоқда.
Мақсад аҳоли муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, нотинч оилалар билан мунтазам ишлаш ҳамда маҳалла, қабристонларнинг тозалиги, ободонлигини яхшилашга кўмак беришдир. Биринчи галда ичимлик суви иншоотларини таъмирлаш, траншея қазиш ва сув қувурларини ўтказиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Умуман олганда бу борадаги саъй-ҳаракатлар Тошкент вилоятининг барча жойларида уюшқоқлик билан давом этяпти. Шу билан бирга, баҳор нафаси кезиб юрган шу кунларда аҳоли кайфиятини кўтариш учун маҳаллаларда сумалак ва шу каби турли кўклам таомлари пишириляпти, кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА