Бухоро вилояти Шофиркон туманида Тошкент вилояти Оққўрғон тумани тажрибаси асосида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва маҳаллалардаги ечимини кутаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилмоқда.
Вилоятнинг барча сектор раҳбарлари ва уларнинг ишчи гуруҳи, туман ҳудудидаги ижтимоий объектлар ва маҳаллаларда уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишган ҳолда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар хатловга олинди.
Мазкур жараёнда 4-сектор ишчи гуруҳи ҳам жами 7 минг 980 та хонадонларда бўлиб уй эгаларининг шароити билан танишган ҳолда уларни қийнаб келаётган жами 978 та муаммоларни хатловга олган ҳолда ушбу масалаларни тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Хатлов натижаларига кўра, 184 та хонадондан кўмир, 168 та хонадондан бандлик, 133 та хонадондан моддий ёрдам, 137 та хонадондан соғлиқни сақлаш, 51 та хонадондан банк кредити, 47 та хонадондан уй-жой билан боғлиқ, 15 та хонадондан кадастр, 13 та хонадондан суюлтирилган газ, 230 та хонадондан бошқа турли муаммолар келиб тушган.
Ушбу жараёнда асосий эътибор оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз, сурункали касалликларга чалинган ва ногирон, боқувчисини йўқотган фуқароларни қийнаётган масалалар зудлик билан ҳал этиляпти.
Шофиркон туманининг “Хоркаш” маҳалласида яшовчи 57 ёшли Нодира Шомурода хатлов жараёнида ишчи гуруҳга соғлигини яхшилашга ва зарур дори-дармонларни харид қилишга амалий ёрдам сўраган эди. Эътиборлиси, унинг масаласи узоққа чўзилмай ҳал этилди.
– Мурожаатим ижобий ҳал этилганидан хурсандман, – дейди Нодира Шомуродава. – Соғлигимни тиклаш учун менга амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Ишчи гуруҳи шу куни мазкур маҳалланинг “Камолот” кўчасида яшовчи Зилола Пўлатованинг ҳам худди шу масаладаги муаммосини жойида ҳал қилиб берди. Хатлов ўтказилган кунларда шу ерлик 5 та хонадонга озиқ-овқат масаласида кўмак зарурлиги аниқлангани боис, бу ишлар ҳам кечиктирилмай амалга оширилди. Ушбу оилаларнинг 2 нафар ишсиз аъзолари эса доимий ишга жойлаштирилди.
Ишчи гуруҳи аҳолига қишнинг совуқ кунларидан беталафот ўтиб олишлари ва хонадонларини иситишга кўмаклашиш мақсадида шу кунгача 100 дан ортиқ хонадонларга бепул кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Жумладан, Юксалиш ва “Новабоши” қишлоғида яшовчи Холназаровлар ҳамда Ҳалимовлар оиласи уйини иситиш мақсадида кўмир олишга қийналганлиги боис зудлик билан уларга кўмир маҳсулоти етказиб берилди. Ишчи гуруҳи туманнинг “Алишер Навоий” маҳалласида яшовчи Сайфулло Ибрагимов ва унинг хотини Сарвиноз Каримовалар билан суҳбатлашди. Уларга биринчилар қаторида кўмак бериш чора-тадбирлари бошлаб юборди. Бунинг учун Сайфулло Ибрагимовнинг ногиронлиги ва турмуш ўртоғининг ёш болали эканлиги инобатга олинган ҳолда уларга уйда туриб даромад топишлари учун 1 бош сигир ва 20 дона товуқ келтириб бериладиган бўлди. Бундан ташқари, уй бекаси тикувчиликка ўргатилади ва унга замонавий тикув машинаси берилади.
Айтиб ўтиш керак, айни пайтда хатлов жараёнида аниқланган муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан аниқ ва манзилли ишлар давом этяпти.
Бир сўз билан айтганда, Шофиркон туманида амалга оширилаётган ушбу янгича тажриба орқали аҳолининг оғирини енгил қилиш, айниқса, табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА