Оқолтинда лойиҳалар ярмаркаси
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларда тижорат банкларининг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган тавсия ва топшириқлар ижросини таъминлаш, ташаббускор тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Лойиҳалар ярмаркаси” ташкил этилди.
Ярмаркада Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманларида ишга туширилган ва муваффақиятли амалга оширилаётган бизнес режаларининг тақдимотлари ўтказилди.
Ушбу тажрибалар маҳаллалардаги ишбилармонларни янги бизнес ғояларини ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун руҳлантиради.
Туман ҳокимлиги ва туманга бириктирилган тижорат банклари томонидан ташкил этилган мазкур ярмаркада қатнашчиларга бизнес кўникмаларини шакллантириш, ўз бизнесини бошлаш ва ривожлантиришда талаб этиладиган асосий билимлар ва кўникмалар, шунингдек, тижорат банклари томонидан таклиф қилинаётган имтиёзли кредитлар ва тадбиркорликка оид янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу эса маҳаллаларда тадбиркорлик қилаётган, аммо молиявий муаммолар туфайли фаолиятини кенгайтира олмаётган тадбиркорлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, лекин фаолиятини бошлай олмаётган аҳоли вакиллари учун ниҳоятда қўл келди. Улар ўзларини қийнаб турган масала ва муаммоларга ечим топиш баробарида бизнес ва тадбиркорлик соҳасидаги янгиликлар ва трендлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди.
[gallery-22614]
Хуллас, Оқолтин туманида ўтказилган “Лойиҳалар ярмаркаси” маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, бизнес ва тадбиркорлик йўналишларини йўлга қўйиш, фаолиятини кенгайтириш истагида бўлганлар учун фойдали бўлди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари