Ўқитувчилик касбидан қадр топаётганлар
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби таълим-тарбия соҳасида ҳам ислоҳотлар олиб борилмоқда. Натижада ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр ва эъзоз топмоқда.
Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимида меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва мураббийларимизнинг фаолиятига катта эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланаётгани ҳар бир ўқитувчининг касбига бўлган садоқати ва фидойилигини оширмоқда. Зеро, уларнинг келажагимиз ворисларига бераётган таълим-тарбияси юрт тақдирини белгилаб беради.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами арафасида Президентимиз фармонига кўра, бир гуруҳ фидойи, ташаббускор ва ўқувчиларга сифатли таълим-тарбия бераётган фаол ўқитувчи ва мураббийлар давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Улар орасида Навоий шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси Зебо Рўзиқулова ҳам бор. У “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
З.Рўзиқулова асли самарқандлик. Пахтачи туманида туғилган ва 12-умумтаълим мактабида таҳсил олган. Оилада 5 фарзанднинг тўнғичи. Ҳозирда унинг 2 нафар фарзанди бўлиб, қизи Чирчиқ давлат педагогика институтининг 3-босқич талабаси, ўғли эса мактабда 6-синфда ўқийди.
– Аслида мактабда ўқиётган вақтларимда шифокор бўлишни орзу қилардим, – дейди Зебо Рўзиқулова. – Аммо юқори синфларда ўқиб юрганимда биология фани ўқитувчимиз Баҳриддин Рўзмуродовнинг дарс ўтиши, ўқувчилар билан муомаласини кўриб ўқитувчиликка иштиёқ уйғонган. Орзуимни амалга ошириш учун 1998 йилда Самарқанд давлат Университетининг биология факультетига ҳужжат топширдим ва олий таълим даргоҳини 2002 йилда тамомладим.
З.Рўзиқулова талабалик пайтидаёқ мактабда дарс бера бошлаган. Университетни тамомлаб, бир муддат ўзи таҳсил олган умумтаълим мактабида ўқувчиларга биология фанидан сабоқ берган. 2005 йилдан то 2017 йилга қадар Навоий компьютер ва ахборот технологиялари академик лицейида фаолият олиб борган. Унинг таъкидлашича, фаолияти давомида ҳозирги даврдагичалик ўқитувчилар меҳнати қадрланмаган.
– Фаолиятимнинг дастлабки давридан бошлаб ўқувчиларимни фан олимпиадаларига тайёрлашга қизиқаман, – дейди у. – 2009, 2010, 2016 йилларда ўқувчиларим республика ва хорижий давлатларда ўтказилган фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган. Рағбат учун фақатгина “Фахрий ёрлиқ” билан чекланилган. Бугун эса вазият ўзгарган. Рағбат ва ўқитувчига озгина эътибор юксак марралар сари ундайди, деганлари рост экан. Президентимиз томонидан халқ таълими тизими ходимларига кўрсатилаётган эътибор ва рағбат туфайли умумтаълим мактабларида меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг бор маҳорат ва билимларини ёш авлоднинг униб-ўсиши, замонавий билимларни эгаллашга қаратаётганлиги ўз натижасини бермоқда.
З.Рўзиқулова 2020 йил июнь ойида онлайн шаклда ўрта махсус мактабларда ҳамда академик лицейларда биология, кимё ва физика фанларида амалий машғулотларни тўғри ташкил этиш ҳамда лаборатория жиҳозларидан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган семинарда “Ҳужайрада плазмоли ва диплазмоли ҳодиса” мавзусида лаборатория машғулоти йўриқномасини тўғри тузиб аниқ натижа кўрсатиб берганлиги учун анжуман иштирокчилари эътирофига сазовор бўлган эди. Натижада лаборатория машғулотининг видеоролиги республика миқёсида оммалашиб, барча мактабларга биология фанида фойдаланиш учун тарқатилди.
Шунингдек, унинг бир қатор ўқувчилари республика ва халқаро олимпиадаларда фаол иштирок этди. Жумладан, 2017 йилда Умида Ҳамрақулова Ветьнамнинг Ханой шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадасида иштирок этиб совринли ўрин иштирокчиси, 2021 йилда июль ойида эса Ёрқинбек Турдибоев Португалиянинг Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтган 32-халқаро фан олимпиадасида 77 давлатнинг 304 нафар иштирокчиси орасида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль совриндори бўлди.
Шу билан бирга Ёрқинбек Турдибоев жорий йилда Акфа Университети томонидан ташкил этилган фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллаб, медицина факультетига грант асосида қабул қилинди.
Белгиланган тартибга кўра, кумуш медаль эгаси Ёрқинбекка 73 миллион сўм, унинг ўқитувчиси Зебо Рўзиқуловага эса 61 миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Эришган ютуқлар бесамар кетмади. З.Рўзиқулова жорий йилда дастлаб “Халқ таълими аълочиси” унвонига сазовор бўлган бўлса, касб байрами арафасида “Шуҳрат” медали соҳибасига айланди.
Ўқитувчи ва мураббий. Оддийгина бу сўзлар замирида улкан маъно мужассам. Зеро, ҳар қайси инсон ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади. Ва албатта, бугун ҳар биримиз жамиятда ўз ўрнимизни топганлигимиз, обрў-эътиборга сазовор бўлаётганлигимиз, касб-коримиз билан юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва ҳалқ фаровонлиги узун хизмат қилаётганлигимиз учун улардан миннатдормиз.
Ғазал мулкининг султони Ҳазрат Навоийнинг эса “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин юз ганж ила”, деган мисралари уларнинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА