Ўқитувчиларнинг мукофотлари ундириб берилди
Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаблар манфаати адлия органлари томонидан ҳимоя қилинди.
Мактаблар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларда хорижий тилларни ўқитишнинг даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, педагог-ўқитувчиларнинг хорижий тилларни ўрганишга қизиқишини ошириш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон ва стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишга замин яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.
Мазкур Низомга кўра танловнинг туман (шаҳар) босқичида 1-ўрин учун 100 миллион сўм, 2-ўрин учун 75 миллион сўм, 3-ўрин учун 50 миллион сўм, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида 1-ўрин учун 250 миллион сўм, 2-ўрин учун 200 миллион сўм, 3-ўрин учун 150 миллион сўм мукофот белгиланган бўлса, республика босқичида 1-ўрин учун 500 миллион сўм, 2-ўрин учун 400 миллион сўм, 3-ўрин ўрин учун 300 миллион сўм миқдоридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини билан мукофотланиши қайд этилган.
Шунга кўра, Шаҳрисабз шаҳридаги мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли танловнинг шаҳар босқичида 1-ўринни эгаллаган 16-умумий ўртатаълим мактаби, 2-ўринни эгаллаган 1-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 3-ўринни эгаллаган 24-умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг мурожаатлари ўрганилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан умумий ўрта таълим мактаблари манфаати йўлида Шаҳрисабз туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилинди ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан юқоридаги умумий ўрта таълим мактабларига жами 225 000 000 сўм миқдоридаги мукофот пуллари ундириб берилиши таъминланди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири