Термизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Ўқитувчилар қурултойи” ўтказилди.
Воҳа педагогларини ягона мақсад йўлида бирлаштириб, соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларни ҳамкорликда рўёбга чиқариш ва мавжуд муаммоларни муҳокама этиб, ечимини излашга йўналтирилган тадбирда устозлар таълим-тарбия масаласини энг самарадор усулда ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев жойларда илк марта ўтказилаётган тадбирнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Нуфузли қурултойга энг тажрибали, энг изланувчан ўқитувчи¬ мураббийлар таклиф этилаётганининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратди. Устозларнинг ёш авлод камолоти йўлидаги хизматларини эътироф этиб, жамиятда ўқитувчининг обрўсини янада ошириш лозимлигини таъкидлади.

Очиқ мулоқот чоғида сурхондарёлик педагоглар таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқиш, олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларида яхши натижаларга эришиш, таълимдаги илғор тажрибаларни кенг жорий этиш каби масалаларда қатор таклифларни илгари сурди.

Форум доирасида бўлиб ўтган семинар-тренингда замонавий таълим методикалари бўйича билим ва малакаларини оширди. Ўқиш саводхонлиги ва она тили фанлари доирасида 4К моделини қўллаш, ўқувчиларда ХХI аср кўникмаларини шакллантириш, лойиҳага асосланган таълим сингари методикалардан оқилона фойдаланиш, аниқ ва табиий фанларни янада сифатли ўқитиш масалалари бўйича кўникмаларини мустаҳкамлади.

Вилоятда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойи педагоглар "Халқ таълими аълочиси, "Халқ таълими фидойиси", "Таълим ҳомийси" кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг фахрий ёрлиқлари, Ангор туманидаги 1- ва Бойсун туманидаги 2-умумтаълим мактаблари жамоасига вазир ташаккурномаси топширилди.
Форумда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов сўзга чиқди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири