Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда француз тили ўқитувчиларини касбий ривожлантириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган эди.
Лойиҳа доирасида жорий йилда 120 нафар француз тили ўқитувчиси Францияга стажировкага юборилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” университетида мазкур лойиҳанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова юртимизда педагогларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, иш тажрибасини бойитиш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар, хайрли ташаббуслар ҳақида батафсил сўз юритди.

Франциянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушез бугунги кунда Ўзбекистонда таълим соҳасидаги мисли кўрилмаган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликнинг муттасил равнақ топиб бораётгани хусусида батафсил сўзлади.

Шунингдек, ушбу лойиҳада муваффақиятли иштирок этаётган устозлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу каби маърифий лойиҳалар илғор иш таржрибасини оммалаштириш, ўқитувчилар билимини янада бойитишга хизмат қилишини таъкидлади.
Француз тили ўқитувчиларининг биринчи гуруҳи бугун, 7 июль куни эса иккинчи гуруҳ ўқитувчилари стажировкага юборилади.
Н.Усмонова, ЎзА