Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида даъвогар Хатирчи туман адлия бўлимининг Хатирчи туман Халқ таълими бўлимига нисбатан 10 нафар ўқитувчи фойдасига тўланмай қолган устама пулларини ундириш ҳақидаги ариза кўриб чиқилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Баҳодир Бабақулов ва судья Зариф Утамуродов томонидан олиб борилган суд иши якунида ўрта умумтаълим мактабларида ишловчи рус тилидан халқаро С-1 даражадаги сертификатига эга бўлган ўқитувчиларнинг фойдасига Халқ таълими бўлимидан 43 миллион сўм устама пулларини ундиришга қарор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларининг камида С-1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорда қўшимча устама ҳақи тўлаб борилиши белгиланган.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, Хатирчи туман Халқ таълими бўлими томонидан мактабларда рус тилидан халқаро С-1 даражадаги сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга шу вақтга қадар белгиланган устама пуллари тўлаб берилмасдан келинган ва бу борада ўқитувчиларнинг мурожаатлари туман Халқ таълими бўлими томонидан қаноатлантирилмасдан қолган.
Туман адлия бўлимининг ташаббуси билан туман молия бўлими томонидан ўтказилган ўрганишда туман Халқ таълими бўлими томонидан 10 нафар ўқитувчига 2021 йил давомида 43 миллион 016 минг 022 сўмлик устамалар тўлаб берилмаганлиги аниқланиб, далолатнома тузилган.
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасида “Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт” деб кўрсатилган, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман суди раиси Баҳодир Бабақулов. – Мазкур кодекснинг 275-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг пул ундиришга доир талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондириши лозимлиги белгиланган.
Суд томонидан юқорида қайд этилган қонун талабларига кўра, жавобгар Хатирчи туман Халқ таълими бўлимидан 10 нафар ўқитувчининг фойдасига устама пулларини ундириш ва уларнинг фойдасига ҳар ой базавий тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорда қўшимча устама ҳақи тўлаб бориш мажбурияти юклатилди.
Абдували Бўриев, ЎзА