Ўқитувчи ва мураббийлар тиббий кўрикдан ўтмоқда
Андижон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги" доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби ойлик доирасидаги тиббий кўриклар Андижон вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Андижон туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий ҳамда “Хакан” ҳудудий поликлиникаларида ташкил этилган тиббий кўрикларда ҳудуддаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг 400 нафарга яқин ўқитувчи ҳамда мураббийлари иштирок этди.
Ўқитувчи ва мураббийлар акция доирасида ЭКГ, УТТ, лаборатория текширувлари, шунингдек, кардиолог, невропатолог, уролог, гинеколог, офтальмолог, эндокринолог каби соҳа мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга зарур тавсиялар берилди.
[gallery-12907]
Соғлигида муаммоси бор ўқитувчи ва мураббийлар саломатлигини тиклаш учун туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасаларига йўналтирилмоқда.
Тиббий кўриклар доирасида шифокорлар томонидан турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, устозларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Бу каби тиббий кўриклар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА