Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати эътироф этилди
Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами Навоий вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Байрамнинг асосий тадбири вилоят ҳокимлиги тантаналар залида устоз ва мураббийлар меҳнатини эътироф этиш билан бошланди.
Тантанали тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Президентимизнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Бу йилги байрам арафасида 6 нафар соҳа фидойиси Президентимизнинг фармонига асосан фидокорона ва самарали меҳнатлари учун давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
– Мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътибор туфайли ҳам ўқитувчиларга барча имконият яратиб берилмоқда. Ҳатто Конституциямизда ҳам ўқитувчиларнинг мақоми алоҳида белгиланиб қўйилди, – дейди Кармана туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Дўсмурот Ачилов. – 38 йилдан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келаман. Ўзим физика фани ўқитувчисиман. 2000 йилда кимё фанини мустақил ўрганганман. Ҳозир кимё фанидан ўқувчиларга сабоқ бераман. Аввалари дарс жараёнида фойдаланиш учун лаборатория жиҳозларидан умуман фойдаланмасдик. Ускуналар номигагина бор эди. Икки йил олдин таълим масканимиз таъмирланиб, барча жиҳозлар билан таъминланди. Таълим сифати ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда. Буни ўқувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсатгичларининг ошиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин. Жорий йилда 55 нафар битирувчимизнинг 49 нафари юртимиздаги турли олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Бу ҳам таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бир самараси, деб ҳисоблайман. Бу йилги байрам арафасида менга берилган “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони эса жуда катта масъулият юклайди. Бор билим ва маҳоратимни ёш авлод таълим-тарбияси йўлига сарфлайман.
[gallery-13825]
Тадбирда Президентимиз фармонига кўра тақдирланган бир гуруҳ ўқитувчиларга мукофотлар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, фидойи, ўз соҳасининг етук билимдонлари, ташаббускор ва фаол ўқитувчи ва мураббийлар вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи”, “Ташаккурнома” ва қимматбаҳо эсталик совғалари билан рағбатлантирилди.
Байрам тантаналари Кармана туманидаги “Оқсарой” базмгоҳида давом этиб, соҳа ходимлари тўкин дастурхон атрофида жам бўлишди. Тадбир бадиий чиқишлар, куй-қўшиқлар билан давом этди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари.