Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган кўргазма
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси, Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, “Ўзархив” агентлиги, мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси ҳамда Франциянинг A.S.I.E халқаро жамғармаси билан ҳамкорликда “Устоз-шогирд: Ўзбекистон ҳунармандчилик мактаблари дунё миқёсида!” номли кўргазма бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 23 мартдаги “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур кўргазма кўз нурини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган азиз ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланди.

Ўзида асрлар давомида сақланиб келинаётган кулолчилик анъаналарининг айнан сулолалар томонидан давом этиши, уларнинг ёш авлодга етказиб берилиши каби анъаналаримизни акс эттирган кўргазмада Ғиждувон кулолчилик мактаби давомчиси Абдулло Нарзуллаев, Ургут кулолчилиги давомчиси Нўъмон Облоқулов, Хоразм кулолчилиги давомчиси Одилбек Матчоновларнинг ишларидан намуналар намойиш этилди. Франция Олий ҳунармармандчилик мактабининг кулолчилик ихтисоси бӯйича таълим олаётган талабалари Элоди Дювин ва Алис Жанелларнинг ҳам лойиҳа давомида яратган кулолчилик намуналари тақдим этилди.

Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган Ғиждувон, Ургут, Хоразм уста кулолларининг фотосуратлари кўргазмаси ҳам томошабинларга ҳавола этилди.

Кўргазма жорий йилнинг 10 октябригача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА