Ўқитувчи ва мураббийлар байрами нишонланди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан пойтахтимиздаги умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларида фаолият олиб бораётган устоз ва мураббийлар учун байрам тадбири бўлиб ўтди.
Фахрий ўқитувчилар, таълим етакчилари, тизимда ташаббускор ва фидокорона меҳнат қилаётган 250 нафар илғор ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этган тадбирда фидойи, меҳнаткаш устозлар Янги Ўзбекистон ёшларига нафақат билим бериши, балки улар қалбида энг гўзал инсоний фазилатларни, меҳр-оқибат, инсонийликни сингдириши эътироф этилди.

Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли маънавият юксалади.
Тадбир сўнгида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан соҳада узоқ йиллардан буён хизмат қилаётган устозлар тақдирланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА