Ўқитувчи- рассомлар ижодий кўргазмаси (+видео)
Ўзбекистон Бадиий академияси Фарғона вилоят бўлимида мактаб ўқитувчиси сифатида фаолият олиб борувчи рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси очилди.
Тадбирда вилоятдаги Бадиий академия аъзолари, маданият ва санъат вакиллари, ижодкорлар ҳамда санъат ихлосмандлари иштирок этдилар. Кўргазма риштонлик мактаб тизимида меҳнат қилаётган рассом-ўқитувчиларнинг ижодий салоҳиятини кўрсатиш, тасвирий санъат ривожига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ташкил этилди.


Ўқитувчи рассомлар Баҳодиржон Хизиров, Элдоржон Мамажонов, Аброржон Шералиевларнинг экспозициядан ўрин олган асарларида Ватан манзаралари, замондош инсонлар, инсон ва табиат уйғунлиги, манзара ва натюрморт акс этган. Турли жанр ва услубларда яратилган бу асарлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Мен натюрморт жанрига қизиқаман, чунки унда ранглардан унумли ва таъсирчан манзараларда фойдаланиш имкони кенг, – дейди риштонлик ўқитувчи- рассом Элдор Мамажонов. – Балки шунинг учун ҳам кўргазмани “Мўйқалам рақси” дея номлаганмиз.


Тадбирда сўзга чиққанлар таълим ва санъат уйғунлиги ёш авлодни маънан етук ва эстетик дидли инсон қилиб тарбиялашда муҳимлигини қайд этдилар.
– Бу кўргазма 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига атаб ташкил этилди. Бир ҳафта давомида уни ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аскарлар ва талабалар ҳамда юқори синф ўқувчиларига “Мўйқалам рақсига саёхат” лойиҳаси доирасида намойиш этамиз, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси Фарғона вилоят бўлими раиси Людмила Семизорова.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W8zyHgGU_r8" title="O‘qituvchi- rassomlar ijodiy ko‘rgazmasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА