Ўқишини кўчиришда алданаётган талабалар
Кейинги пайтда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятчилик кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизда бу ҳолатларга йўл қўймаслик, аҳолининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, барча соҳаларда коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Афсуски, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай бу иллат домига тушиб қолганлар ҳануз учраб турибди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Қирғизистон Республикаси Ўш давлат университетида таҳсил олаётган 30 нафар талабанинг ўқишини Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига кўчириб бериш эвазига фуқаролардан 67 минг АҚШ доллари олган шахслар қўлга олинган.
Хўш, нега олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ва кўчириш масалаларида фирибгарлик кўпаймоқда? Ҳолбуки талабалар ўқишини қонун нормаларига мос кўчириш бўйича алоҳида тартиб жорий қилинган. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 22 июнда қабул қилинган «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида» ги қарори асосида талабалар ўқишини кўчиришнинг янги тартиби жорий қилинган.
Унга мувофиқ, талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда, алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказилади. Ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмаслиги белгилаб қўйилган. Хусусан, 2021-2022 ўқув йилида хорижий олий таълим ташкилотларидан Республика олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш учун Фарғона вилояти бўйича жами 13 минг 139 нафар талабгорлар онлайн рўйхатдан ўтган. Талабгорларга тест жараёнида холислик ва шаффофликни таъминлаш учун видеокузатув камералари орқали доимий видеокузатув ўрнатилди, шахсни идентификациялаш воситалари орқали талабгорлар объектларга киритилди, онлайн режимда test2021.uz сайти ҳамда test 2021 мобил иловаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиши натижасида ҳар қандай ташқи аралашувларнинг олди олинди.
Умуман олганда, талабалар ўқишини кўчириш жараёни инсон аралашувисиз, шаффоф ва адолатли амалга оширилмоқда. Бу эса коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жаҳонгир Бобожонов,
Давлат тест маркази Фарғона вилояти бўлими бош мутахассиси
ЎзА