Ўқчининг сергаклиги сабаб ўғриликнинг олди олинди
Икки нафар шахс Зарбдор темир йўл бекатида турган вагондан ун ўғрилаётган пайтида жиноят устида қўлга олинди.
Фуқаро Олғирқул Жўлурқулов ҳамда Эпламас Дўллибоев (исми-шарифи ўзгартирилди) юк ортилган вагон қопқоғини бузиб очиб, давлатнинг мулкини ҳеч кимга билдирмай ўмармоқчи бўлганларида, Жиззах ҳарбийлаштирилган ўқчилик ва ўт ўчириш командаси ўқчиси Шодмон Усмонов сезиб қолади ва вилоят ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимларини бу ўғирликдан хабардор қилади. Ҳамкорликда амалга оширилган тезкор операция натижасида ўғрилар қўлга олинади.
Жиноятчиларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасадди ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Давлатнинг мулкига кўз олайтириб уни ўғрилашга уринган кимсалар энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жиноятчилар кўз олайтирган ун хорижга экспорт қилиниш учун тайёрлаб қўйилган маҳсулот бўлган.
Мазкур жараёнда фаоллик кўрсатганлиги учун Жиззах ҳарбийлаштирилган ўқчилик ва ўт ўчириш командаси ўқчиси Шодмон Усмоновга Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генарал-майор Ғайрат Қодировнинг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
А.Қаюмов, ЎзА