Оқ йўл сизга, азиз битирувчи!
Кейинги йилларда юртимизда ёшларга ўз салоҳиятларини намойиш этишлари учун зарур имконият ва шароитлар яратилмоқда. Зеро, юрт тараққиётини замонавий билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, ёшларнинг иқтидорини аниқлаш ва уни ривожлантириш муҳим масалага айланган.
Аждодларимизнинг бой меросини ўрганиб, ҳар тарафлама етук, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган баркамол авлодни вояга етказишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси навбатдаги битирувчиларини ҳаёт йўлининг янги даври сари кузатмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Оқ йўл сизга, азиз битирувчи!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур маросимда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, академия профессор-ўқитувчилари, битирувчи талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тантанали маросимни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов табрик сўзи билан очиб берди.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар, Исломшунослик ва мумтоз шарқ филологияси факультети ҳамда 10 та кафедра фаолият юритмоқда. 2024/2025 ўқув йилида 309 нафар талаба бакалавриат ҳамда 95 нафар йигит-қиз магистратура босқичини тамомламоқда.
Маънавий-маърифий байрам тадбирида самарали фаолият кўрсатган профессор-ўқитувчилар, битирувчи ёшлар ҳамда фаол талабалар тақдирланди.

Театрлаштирилган саҳна кўринишлари, "Қувноқлар ва зукколар" дастурлари, талабалар томонидан куйланган куй-қўшиқлар, шеърлар, санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, битирув тадбири доирасида 2024-2025-ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотни таъминлаш мақсадида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди.
Унда ишга танлов юзасидан иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбат жараёнлари ташкил этилди. Мазкур жараёнда 10 га яқин давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ иш берувчи ташкилотлар вакилларига Академия томонидан эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Н.Усмонова,
ЎзА