Наманган вилоятида «оқ олтин» мавсумига киришилди. Хусусан, вилоятда биринчилардан бўлиб Мингбулоқ туманида пахта карвони йўлга чиқди.
Туман бободеҳқонлари янги мавсумга ҳар қачонгиданда пухта ҳозирлик кўрдилар. «Чўлқуварлар» заминида эрта баҳорда 12 минг 916 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, мингбулоқлик пахтакорлар томонидан гектаридан 34,2 центнердан жами 42 минг тонна ҳосил топшириш режалаштирилмоқда.
Пахтакорлар учун масъулиятли ва йил давомида меҳнатлари ҳосиласини кўрадиган пайт келишидан аввал теримга старт берилди. Нуронийлар, фермерлар хирмонга барака тилаб, дуо қилдилар.
Пахта ортилган карвонлар туман бўйлаб карнай-сурнай садолари остида “Art soft Holding” компаниясининг кластерига қарашли «Гулбоғ» пахта тозалаш заводига йўл олди.
«Гулбаҳор олтин замин баракаси», «Умарали издошлари», «Усубжон ота» фермер хўжаликлари пахтачилик кластери ихтиёрига дастлабки ҳосилни топширди. Ушбу илғор фермерларга Мингбулоқ туман ҳокими Нуршод Худойбердиев томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, Наманган вилоятида янги мавсумда 63 минг 406 гектар майдонга чигит қадалган бўлиб, жами 216 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилиши режалаштирилган. Мазкур ҳосилнинг 20 фоиздан ортиқ улуши айнан, Мингбулоқ тумани ҳисобига тўғри келади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА