Қонунлар – тараққиёт гарови
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янги қонуннинг ишлаб чиқилишига нафақат илғор хорижий ва қўшни мамлакатлар тажрибасидан, балки юртимиздаги маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид амалиётдан келиб чиққан ҳолда ёндошилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 14 август куни имзоланган “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан шу йилнинг 21 август куни қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланган.
Эътиборлиси шундаки, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 2 декабрда Президентимиз томонидан имзоланган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларига ўзгартишлар киритилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янги қонуннинг ишлаб чиқилишига нафақат илғор хорижий ва қўшни мамлакатлар тажрибасидан, балки юртимиздаги маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид амалиётдан келиб чиққан ҳолда ёндошилди. Шуни тан олиш керакки, кейинги йилларда Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосари, прокуратура, адлия, ички ишлар, солиқ қўмитаси ва ижро ҳокимиятининг соҳа ва идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, бу борада кутилган натижаларни бермаётганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Президентимизнинг ”Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги фармонига мувофиқ эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари эндиликда самарали фаолият юритиб келмоқда. Яъни, бу борадаги амалий тажриба ўзини тўла оқлади. Шу боис, янги қонунни ишлаб чиқилишига нафақат илғор хорижий, балки юртимиздаги маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид амалиёт ҳам том маънода ижобий туртки бўлди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун дадил қадам сифатида баҳоланаётган ушбу қонуннинг бажарилишига эришиш, жойларда маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллиги ва ташаббускорлигини янада ошириш ЎзЛиДеП ва унинг фаоллари олдида турган асосий вазифалардан биридир.
Қонунда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудлар кесимида муҳим қарорлар қабул қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича ролини янада оширишда, уларни ташкилий, техникавий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминловчи бўлинмаларни тузиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилганки, бу ҳам ўз навбатида маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш имконини беради. Шуни ҳисобга олган ҳолда ЎзЛиДеП вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан депутатлик гуруҳларининг аъзолари учун махсус сиёсий ўқувларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, онлайн шаклда ўтказиладиган ўқув иштирокчиларига “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишга кўра маҳаллий Кенгашларда тузилаётган котибиятнинг ўрни ва роли аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб берилаётганлиги эътиборга молик. Муҳими – котибиятларнинг ташкил этилиши давлат дастурларининг ҳудудлар кесимида ижро этилиши устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланиши учун зарур шароитлар яратади. Сиёсий партияларнинг изчил фаолият олиб бориши, ўз ваколатларидан амалдаги қонунлар доирасида фойдаланишлари учун эса бу ниҳоятда муҳимдир.
Фармон АМИНОВ,
ЎзЛиДеП Бухоро вилояти Кенгаши раиси,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати