Қонун ижодкорлари тажриба алмашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 21 январь куни “Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда парламентнинг роли: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 21 январь куни “Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда парламентнинг роли: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Германиянинг К.Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитаси раиси Адҳам Шодмонов ва бошқалар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, ушбу анжуман ўзаро алоқаларни атрофлича таҳлил этиш ва янада фаоллаштириш имконини беришини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлиги кенг кўламли. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гумантар алоқалар изчил ривожланмоқда. Юртимизда Германия сармояси иштирокида тузилган 100 дан ортиқ корхона, ушбу мамлакатнинг 40га яқин фирма ва компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, таркибий ўзгартириш ва модернизациялашда тараққий этган давлатлар тажрибасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқи ҳимояси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун янада кенг шароит ва кафолатлар яратди.
2015 йилда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллади. Мамлакатимиз кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган ўнта давлат қаторидан жой олди.
Мамлакатимизда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, корпоратив бошқарувни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётир. Германиядаги Европа менежмент ва технологиялар мактаби иштирокида ташкил этилган Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази акциядорлик жамиятларининг раҳбар ходим ва мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Ўтган йили юртимиз акциядорлик жамиятлари, банклар ва йирик корхоналарнинг саксондан ортиқ раҳбар ходими корпоратив бошқарув соҳасида Германия корхоналарида тажриба орттирди.
Давра суҳбатида германиялик меҳмонларга Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, парламентнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиёти ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, аҳоли ҳаёт даражасини ошириш имконини бермоқда. Янги саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари очилиб, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда.
Бу борада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида ушбу секторнинг улуши 56,7 фоизга етгани, иш билан банд жами аҳолининг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани таъкидланди.
– Германияда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш катта, – деди Германия Бундестаги депутати, меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш қўмиталари аъзоси, Европа кенгаши парламент ассамблеяси аъзоси Тобиас Цехь. – Германия Ўзбекистонга минтақадаги барқарор мамлакат сифатида қарайди. Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётини ривожлантириш, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, кучли ижтимоий сиёсат соҳасидаги тажрибаси билан танишганимиздан, ўзаро фикр алмашганимиздан хурсандмиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик икки томон учун ҳам фойдали. Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган саноатига Германия ноу-хаулари ва технологияларини жорий қилиш натижасида маҳсулотлар тури ва рақобатдошлигини янада ошириш мумкин.
Тадбирда Ўзбекистонда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш натижасида мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулк ўрни ва аҳамиятини тубдан оширишга, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги ғов-тўсиқларни бартараф этишга, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартиришга, ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хорижий капитал иштирокида хусусий мулк улушининг изчил ўсиб боришига қаратилган 40дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани таъкидланди.
Германия парламенти аъзолари Ўзбекистон қисқа даврда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларни ривожлантириш ва ҳуқуқий базани такомиллаштиришда катта натижаларга эришганини қайд этди. Мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг барча қатламини аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари ҳам изчил такомиллаштирилаётгани, аҳоли бандлигини оширишга қаратилган ишлар юксак баҳоланди.
– Давра суҳбати ғоят самарали бўлди, – деди Германия Бундестаги депутати, меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Альберт Штегеман. – Ўзбекистонда қатор соҳаларда, жумладан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва меҳнат бозорини ривожлантириш борасида Германия билан ўхшашликлар кўп эканига гувоҳ бўлдик. Мамлакатингизда яратилган қатор қонун ҳужжатлари алоҳида эҳтиёжли фуқаролар учун қулайликлар яратиш ва уларнинг манфаатларини таъминлаш имконини бераётгани диққатга сазовор.
Анжуманда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда парламентнинг аҳамиятини ошириш борасида Ўзбекистон ва Германия тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.
Германия делегацияси аъзолари мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокара ўтказди.