ОТМга қабул жараёни қандай бўлади?
ОНЛАЙН: Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий таълим муассасалари учун қабул жараёни янгиликларига доир брифинг бошланди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида олий таълим муассасалари учун қабул жараёни янгиликларига доир брифинг бошланди.
Унда айни вақтда Фарғона вилоятида бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёти университетида Давлат тест маркази директори Мажид Каримов, ректорлар иштирок этмоқда.

Мазкур йўналишда жавобгар бўлган масъул раҳбарлар 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёнлари қандай бўлади, республика олий таълим муассасаларига қабул жараёнларига тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш каби масалаларга ойдинлик киритмоқда.
2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари ва кириш тест синовларини ўтказишда, аввало, абитуриентларнинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилади ва ҳар бир жараён шу асосда ташкил этилади.

Республика олий таълим муассасаларига кириш учун абитуриентлар амалдаги муддатда 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат тест марказининг расмий веб-сайти ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.
Бунда абитуриентларга уйдан чиқмаган ҳолда мобил телефон (компьютер) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади.
Маълум қилинишича, олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичлари таълим йўналишлари ва ўқитиш тили кесимида Давлат тест марказининг ҳамда муайян олий таълим муассасасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.