Онам алласидай суюксан, она тилим
Ватан остонадан бошланади, дейдилар. Дарҳақиқат, Ватан остонадан бошланади. Аммо менинг наздимда Ватан она алласидан бошланади. Мурғак гўдак кўзчалари билан бу дунё сеҳрига ҳайрон боқар экан, илк бора алла, деб аталмиш сеҳрли қўшиқни она тили орқали ўз вужудига сингдиради. Тириклик дунёсида яшаётган ҳар бир инсон борки, илк бора инга-ингалаб йиғлаган чоғида, айтадиган биринчи сўзи она бўлади. Ўша сўз менинг жоним озиғи бўлган тилимда жаранг сочади. Бежизга Ватан ва тилни онага қиёс қилишмаган. Она Ватан ва она тилим. Булар мен учун ҳаётимдаги энг муқаддас неъматлардир. Улар менинг борлиғим, руҳим озуқа олади, вужудимнинг жон томирларидир, азиз замондош!
Қадрли замондошим. Бугун Сиз-ла дунё харитасида ўзбекнинг борлигини билдирадиган Яратганнинг неъмати, она тилим ҳақида диллашмоқ истадим. Бугун Алишер Навоийнинг навобахш битиклари, Абдулла Қодирийнинг ҳаётий ҳақиқатлари, Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги гўзал ашъорлари, Усмон Носирнинг нидолари, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” деган ҳайқириқлари, “Мен нечун севаман, Ўзбекицонни” дея юртга фарзандлик меҳрини изҳор қилган ва буни олий бахт деб билган Абдулла Ориповнинг дур мисралари, Ойбекнинг виқорла қоя лабида нафис чайқалган наматакнинг тебранишлари, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимнинг садоқат достонлари, Саид Аҳмад ва Саидахонимнинг вафодан сўзлаган битиклари шу тилда куйлангани, минглаб инсонларга тилимизнинг жозибадорлигини кўрсатиб турганлигининг ўзи бахт. Шу ўринда Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтиришни жоиз деб биламан: “…1989 йил 21 октабр. Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган қонун – “Ўзбек тилига Давлат тили мақоми бериш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилинишида фидоий ва ватанпарвар зиёлиларимиз, кенг жамоатчиликнинг қатъий шижоати ҳамда Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди”.
Ҳа, бу қонуннинг қабул қилиниши миллатнинг мустақиллик сари қўйган залворли қадами эди. Бугун бу сўзлар қанчалик ҳақиқат эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Юртбошимиз томонидан ҳар йили 21 октабрни Ўзбек тили байрами куни, деб эълон қилиниши ҳам кўнгилларга умид чироғини ёқди. Албатта, бу куннинг байрам қилиниши, ўзбек тилига эътибор ва унинг ривожи учун қилиниши зарур бўлган хайрли ишларнинг бошланганига сабаб бўлса ажаб эмас. Дунёда жами 6 минг 909 та тил ва лаҳжа бўлиб, шулардан 178 тасигина давлат тили мақомига эга. Улар орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Шу маънода Андижон давлат тиббиёт институтида давлат тилини ўқитиш самарадорлигини оширишга қаратилган эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Андижон давлат тиббиёт институтида Президентимизнинг 2020 йил 20 октабрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2020 йил 23 октабрдаги 552-сонли буйруғи ижросини таъминлаш тўғрисидаги буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган режа асосида Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ташкил этилди. Шунингдек, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича 2020 йилга мўлжалланган “йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, институтда "Давлат тили тўғрисида"ги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ҳамда давлат тилида иш юритиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Асосий бино, 2-ўқув биноси, клиник базалари ва талабалар турар жойида жойлашган барча пешлавҳалар, ташқи ёзувлар, шу жумладан, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ лотин алифбосида қайта ёзилиб, ўрнатилди. Институтнинг барча расмий ҳужжатлари, веб–сайти тўлиқ лотин ёзувига асосланган алифбода юритилмоқда.
Институтда давлат тилини ўқитиш самарадорлигини ошириш юзасидан комиссия ташкил этилган. Белгиланган курслар ҳамда хорижий гуруҳларда ҳам ўзбек тили фан сифатида 36 соат ўқитилиб, уларнинг ўзбек тили борасидаги билимлари бойтиб борилмоқда. Бунинг учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Андижон давлат тиббиёт институтида талаба ёшларнинг ўзбек тилини чуқур ўрганишлари ва меҳр-муҳаббатини янада ошириш учун дарсдан бўш вақтларда ўзбек тили бўйича махсус тўгараклар, "Нотиқлик клуби" фаолияти йўлга қўйилди. “Нотиқлик клуби”да шоирлар, журналистлар, ўзбек тили бўйича мутахассислар талаба ёшларга маҳорат дарсларини ўтиб келмоқда.
Институтда ҳар йили анъанавий тарзда 21 октябр арафасида "Нутқ маданияти ойлиги" щтказилади. Ойлик доирасида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, турли танловлар ўтказилади. Шу билан бирга, институтнинг 25 нафар профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари 1 июлдан 31 августга қадар лотин алифбоси, имло қоидалари ва давлат тилида иш юритиш бўйича ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсларига жалб қилинган, улар белгиланган дастур асосида дарс машғулотларида иштирок этмоқда.
Кези келганда, маърифатпарвар бобомиз Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги фикрини келтиришни жоиз деб билдим: “Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашишгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, сўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари ўқига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўлади”. Шу боис, бугунги кунда онамиз алласидай суюк бўлган тилимизнинг келажаги ва унинг келгусидаги тараққиёти учун фидоийлик билан хизмат қилишимиз керак. Она тилимизни ҳар хил балолардан асраш, авайлаш, уни эъзозлаш фазилатимизнинг энг олийси бўлиши керак.
Бугунги кунда ўзга тилларни ўрганиш учун турли мақсадлардаги “лойиҳабозликлар” давом этаётган паллада дунё харитасида ўзбек, деган миллатнинг борлигини билдирадиган тилимизнинг софлиги ва унинг гўзаллиги учун барчамиз курашишимиз лозим. Керак бўлса, бу борада олиб бораётган хайрли ишларимизнинг кўламини янада кенгайтиришимиз лозим. Тўғри, ўзга тилларни ҳам ўрганишимиз керак. Тилимиз ривожига қаршилик қиладиган турли хатти-ҳаракатларга қатъий қаршилик қилишимиз керак.
Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг қуйидаги пурҳикмат сўзлари ҳам фикримиз қанчалик тўғри эканлигини тасдиқлаб турибди: “Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар”.
Ҳа, ана шундай буюк намуналарни яратган буюк аждодларига муносиб издошлар бор экан, она тилимизнинг қадри янада юксалаверади. Биз қадри баланд, илдизи бақувват элнинг фарзандлари эканлигимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Шундай экан, келинглар, она тилимизни қадрини янада баланд бўлиши учун барчамиз масъуллигимизни бир дақиқа бўлса-да унутмайлик. Тилимизнинг софлиги ва уни ривожи учун биргаликда курашайлик.
Эзгулик учун дилларга нур улашишга тайёрмисиз?! Айни лаҳзаларда юрак ҳаяжонимни бир оғиз сўзда ифода этмоқ истаяпман. “Қадринг баланд бўлсин, эй она тилим” дегим келаяпти. Жаннатмонанд ўлканинг ҳар бурчида ўзининг бахтиёрлигидан шодланиб яшаётган юракларга илинган ва соғинган гўзал изҳорларимни шеърим билан йўллагим келди:
Туғилдим,
Қулоғимга айтилди азон,
Жонимга кирди У,
Иймон мисоли.
Ҳали,
Дунё нелигини англамасимдан,
Cездим…
Она тилим,
Миллат тимсоли!
Бешигимда,
Орзуга тўла,
Онам айтган ширин ашула,
Сен тожимсан, бошимда шуъла,
Она тилим,
Миллат тимсоли!
Бебаҳосан,
Қийматинг улкан,
Миллат кема,
Сен эса елкан,
Неъматимсан,
Сен Худо берган,
Она тилим,
Миллат тимсоли!
Сен ўзлигим ўзаги, дурсан,
Етти олам тожи, ҳузурсан,
Миллатимнинг шани, ғурурсан,
Она тилим,
Миллат тимсоли!
Сен, ўзбекнинг кўҳна кечмиши,
Соҳибқирон Темур ўтмиши,
Миллатнинг, итллатдек ўсиши,
Она тилим,
Миллат тимсоли!
Сен бор-ки, Навоий султондир,
Фитрат – Фитрат, , Чўлпон-Чўлиопдир,
Сен бор, бугун бошим осмондир,
Она тилим,
Миллат тимсоли!
Жойнамозда ёғилган, Нурсан,
Муҳаммадлар туғилган, ҳурсан,
Беклигимга безак, машхурсан,
Она тилим,
Давлат тимсоли!
Бебаҳосан,
Қийматинг улкан,
Миллат кема,
Сен эса елкан,
Неъматимсан,
Сен Худо берган,
Она тилим,
Давлат тимсоли!
Мирзоҳид БОТИРОВ,
Андижон давлат тиббиёт институти проректори.
ЎзА