Оналар фарёди ёхуд айбсиз айбдорлар...
Қани эди, улар қўлларидаги дори малҳам эмас, заҳарлигини аввалроқ билганида! Қани эди, бу заҳри қотилни фарзандига бермаганида!
Юртимизда рўй берган болалар ўлими билан боғлиқ воқеалар барчани бирдек қайғуга солди. Айниқса, вафот этган болаларнинг ота-оналари, яқинлари, оила аъзолари учун оғир жудолик бўлди. Оналар кўзларидан оқаётган ёш, чекаётган фарёдини кўриб, таскин бермоққа сўз топа олмайди, киши.

Афсуслар бўлсинки, Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи оила фарзанди ҳам «Док-1 Макс» сиропини ичиши оқибатида 2022 йилнинг 28 ноябрида вафот этди.
Қизалоқнинг онаси Маҳбуба Усмонованинг айтишича, 2 ноябрь куни фарзандида шамоллаш аломатлари кузатила бошлаган. Шу боис, туман кўптармоқли болалар шифохонасига мурожаат қилган. Шифокор «Док-1 Макс» сиропини тавсия қилган.
"Қизимга «Док-1 Макс»ни шифокор айтган миқдорда ичирган эдим, – дейди М.Усмонова. – Ҳеч қанча вақт ўтмасдан қизимда иштаҳасизлик, ҳолсизлик бошланди. Яна қайта ўша болалар шифохонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Улар Самарқандга боришимизни айтди.
Китоб билан Самарқанд ораси бир ярим соатлик йўл бўлгани учун Қаршига бордик. Умумий таҳлиллардан сўнг у ердаги шифокорлар ҳам Самарқандга боришимизни айтди. Қизиғи, Самарқандга борганимизда, дўхтирлар бу дорини икки йилдан бери тавсия қилмасликларини айтиб, «биз ҳозир «Док-1 Макс» сиропини болаларга ёзмаймиз, демак, ҳали туманларда ёзилаётган экан-да», деди. Қўлларидан келганича фарзандимни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Аммо 28 ноябрь куни эрталаб тонгги соат олтида фарзандим вафот этди.

Боламнинг ҳамма аъзолари заҳарланиб бўлган экан. Тасаввур қилинг, фарзандим уларнинг қўлигача 99 фоиз заҳарланиб борган... Бир фоиз учун курашдик. 2 ноябрдан 28 ноябргача боламнинг организми ўша дорининг заҳарини чиқариш билан курашди.
Энг ёмони оналарнинг айбсиз айбдорлиги. Биз шифо истаб, ўз қўлимиз билан заҳар ичирибмиз. Болам шунчалар қийналдики, ўзини ҳар томонга урди, аппаратлардан чиқиб кетолмай, талпинади, "ая", дейди. Олдин буйраги, бора-бора ўпкаси ишдан чиқди, нафас олиши қийинлашди, сўнг юраги тўхтай бошлади. У яшашга ҳақли эди!
Ҳаммани айбласам, хато бўлади. Қаерлардадир жонкуяр шифокорлар ҳам бор. Ўша Самарқанд болалар шифохонасида кўрдим: улар ухламайди, кечаси билан боланинг бошида туриб чиқади. Ҳамшираларнинг, кичик ходимларнинг жон куйдирганини кўрдим, лекин шундай шифокорларни ҳам кўрдимки, лоқайдларча, "бугун кутайлик-чи, эртага кўрайлик-чи", дейишдан нарига ўтмасди...
Қайсидир қуйи бўғиндаги бемор учун ҳаракат қилган, даволанишига ҳисса қўшган шифокорнинг эмас, болаларни ўлимга дучор қилган, ўша дорининг кириб келишига сабаб бўлган масъулларнинг жазоланишини истайман. Жиноий жавобгарликка тортилишини хоҳлайман. Кимдир пулига, кимдир обрўйига ишонар, лекин 18 нафар мурғакнинг уволидан қўрқмайдими? Уларнинг ота-оналари, ҳар биримизнинг орқамиздан қанча жигарларимиз, яқинларимиз эзилди".
"Дори таъсиридан касаллик август ойидан ривожланиб келган экан. Ўша ойдан бошлаб кўпайган экан, – дейди 16-шифохона деб айтилувчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида вафот этган пойтахтлик боланинг онаси. – Бу ҳақда бир масъул инсон вазирликка айтган экан. Бир касаллик негадир авж оляпти, текширайлик, сабабларини билайлик, нима бўлаётганини аниқлайлик, деса вазирлик умуман аҳамият ҳам бермаган, текширмаган ҳам экан. Болам йўталгани учун аптекадан «Док 1 Макс» дорисини олиб ичирдим. Бир-икки кун ўтиб, фарзандим ҳолсизланиб, аҳволи ёмонлаша бошлади. Шундан кейин 16-шифохонага олиб бордик. Биз учинчи бўлиб бордик. Бир ҳафтанинг ичида шифохонада худди шундай бемор болалар 21 нафар бўлди. 11 нафар бола пастда биз ётган қаватда ётди. Сиғмаганидан кейин тўртинчи қаватга яна тўққизтача болани жойлаштиришди. Биз кетаётганимизда яна иккитами, учта бола келди. Вилоятлардан келган ота-оналар қурби етгани учун боласини Тошкентга олиб кела олишганини, лекин олиб келолмаётганларнинг болалари ўша ерда ўлиб кетаётганини айтишди.
«Сиймаётган болага тўртталаб капилница қилишяпти, тўртинчи капилница кетмай қоляпти», дейишди. Ўтган йил "Док-1 Макс»дан Самарқандда 15 нафар бола ўлди", деган хабарлар чиққан экан. Нега ўша пайтда тақиқланмаган бу дори, нега текширилмаган? Биз шифокорлардан норози эмасмиз. Беморларга нима керак бўлса, қилишди... Лекин дорига масъул одамлар нимага ўз вақтида текширишмаган? Бу ҳам етмагандек, айбни яна ўзимизга тўнкашяпти. "Нега ота-оналар шифокорга олиб бормасдан боласига аптекадан дори олиб ичирган ёки кўп ичирган", дейишяпти. Аввало аптекаларда сотилаётган дориларнинг ичида мана шунақа зарар борлигини масъуллар билиши керак эмасми?"
Дарҳақиқат, мутасадди ташкилотлар ва масъул шахсларнинг лоқайдлиги сабаб юзага келган “Док-1 Макс” билан боғлиқ фожиа – норасида болаларнинг ўлими, ортида бўзлаб қолган оналар ҳасрати барчани бирдек қайғуга солди, унутилмас сабоқ бўлди.
Аслида тартиб бўйича мамлакатимизга олиб келинаётган ҳар бир дори препаратлари текширувлардан ўтказилиб, истеъмолга яроқли бўлсагина киритилиши лозим эмасмиди?
Нима бўлганда ҳам, сўнги хулоса албатта, чуқур таҳлиллар, текширувлар, ўрганишлардан кейингина маълум бўлади. Ишонамизки, халқ саломатлигига таҳдид солган бу каби ҳолатларнинг асл сабаблари ва сабабчилари маълум бўлади.
М.Қосимова,
ЎзА