Ватанга садоқат, унинг тинчлиги ва хавфсизлигини асраш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Айниқса, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, фидойилик ва масъулият туйғуларини шакллантириш, миллий армияга ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу боис, турли соҳаларда фаолият юритаётган жамоалар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади.
Бугун айнан шундай тадбир “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти вакиллари, шунингдек, “Тошкент ИЭМ”, “Тошкент иссиқлик маркази” ҳамда “Ўзэнергосозлаш” корхоналари ёшлари таклиф этилди.
“Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони” шиори остида ўтказилган ушбу тадбирда сўз олганлар ёшлар онгида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларни она Ватанга садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Шунингдек, энергетика соҳаси вакиллари ҳам мамлакат тараққиёти, иқтисодиёт барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга бўлган шарафли касб эгалари экани эътироф этилди.

– Миллий армия мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигининг ишончли кафолати бўлса, энергетика соҳаси вакиллари ўз фидокорона меҳнати билан иқтисодий барқарорликни таъминлаб келмоқда. Бу икки соҳадаги масъулият, интизом ва садоқат умумий мақсад – Ватан равнақига хизмат қилади. Мазкур маънавий-маърифий тадбир ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, миллий қадриятларга ҳурмат ва юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, – деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Нуриддинбек Маҳмудов.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти вакиллари сўзга чиқиб, Қуролли Кучларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, унинг асосий вазифалари, ҳарбий хизматнинг юксак масъулияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди. Миллий армиянинг она заминимиз тинчлиги, барқарорлиги ва осойишталигини таъминлашдаги беқиёс хизмати алоҳида қайд этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ҳарбий мутахассислардан атрофлича жавоблар олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА