Она ва бола саломатлиги йўлида
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, хусусан, она ва бола соғлигини муҳофаза қилишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур йўналишдаги хайрли ишларни амалга оширишда хорижий давлатлар билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Беларусь Республикасининг Минск вилояти туғруқхонаси гинекология бўлими мудири, малакали шифокор Татьяна Тачук юртимизга ташриф буюрди.

Хорижлик етакчи мутахассис Наманган шаҳридаги тиббиёт муассасаларида тажриба алмашиш мақсадида фаолият юритиши асносида маҳаллий шифокорлар билан биргаликда ўндан зиёд жарроҳлик амалиётларини ўтказиб, уларга замонавий услублар ва ёндашувларни ўргатди.

Белоруссиялик шифокор Наманган вилоятидаги тиббиёт муассасаларида яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, жаҳон талабларига жавоб берадиган барча имкониятлар мавжудлигини эътироф этди. Жарроҳлик амалиётларида она ва бола ҳаётини сақлаб қолишда янада самарали бўлиш учун қўшимча тиббий ускуналардан фойдаланиш борасида ўз таклифларини ҳам билдирди.

Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев тажрибали меҳмон билан бўлиб ўтган учрашувда тиббиётни ривожлантиришни юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар инобатга олинишини, бу борада барча имкониятлар ҳозирланишини таъкидлади.
Қайд этиш жоизки, бундан аввал Наманган шаҳар 2-сонли туғруқ комплексининг 15 нафар гинеколог шифокорлари Минск вилояти туғруқхонасида ўз малакасини ошириб қайтган эди. Икки томонлама ушбу амалий ҳамкорлик икки мамлакат тиббиёт ходимлари ўртасидаги ўзаро тажриба алмашувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА