Қашқадарё вилояти Косон туманида жорий йилнинг 20 январь куни туғиш учун ўз оёқлари билан юриб борган аёл боласи билан ўлик ҳолда уй эгаларига қайтарилгани ҳақида аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан ижтимоий тармоққа юкланган мурожаат жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди.
Мурожаатда соғлом, оёғи билан юриб борган онанинг уйга ўлигини олиб келишгани, туғуруқхонадаги УЗИ аппарати ҳам бола соғлом деб маълумот бергани, бугун эса бир оила аёлсиз, фарзандлари онасиз, ҳам фарзандсиз қолгани қайғу билан таъкидланади.

Аёлнинг турмуш ўртоғи туман туғуруқхонаси шифокорлари айби билан она ва бола ўлими содир бўлганини иддао қилади.
Хўш, туғуруқхонага соғлом борган аёл нима сабабдан вафот этган? Вазиятга ойдинлик киритиш ва саволларимизга жавоб олиш мақсадида Косон тумани тиббиёт бирлашмасига бордик.
– Ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 21 январь санасида Бешқўтон МФЙда яшовчи фуқаро туман марказидаги туғуруқхонага келган. Афсуски, ўша куни кечаси вафот этган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари бўйича ўринбосари Диёр Санақулов. – Ушбу ҳолат бўйича туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ишчи гуруҳ тузилган ва ҳолат ўрганилган. Йўл қўйилган камчиликлар учун шифокорлар жазоланган. Бундан ташқари, тегишли органлар томонидан ҳам ушбу масала ўрганилмоқда ва керакли хулосалар чиқарилади. Илгари бундай ҳолат кузатилмаган бу биринчиси. Туғуруқ комплексида барча шароитлар яхши. Мутахасислар тажрибали. 2017 йилда туғуруқ комплекси жорий таъмирланган ва етарли замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Фавқулодда ҳолатларда жарроҳлик амалиётларини тўлиқ бажаришга шароитлар етарли.

Масъулнинг фикрларидан англашиладики, туғуруқ комплексида ҳамма шароит бор. Мутахассислар ҳам тажрибали. Унда камчиликка йўл қўйган шифокорлар жазоланди, деган гап дастлабки фикрларга зид келади. Демак ўша куни ҳақиқатда шифокорлар қайсидир маънода хатога ҳам йўл қўйган. Ҳар ҳолда масъулнинг фикри буни тасдиқламоқда.

Суриштирувни давом эттириб, туман туғуруқ комплексига бордик. Афсуски, ўша куни марҳум билан боғлиқ жараёнда қатнашган бирорта шифокорни топа олмадик. Ҳатто операцияда қатнашган орастабон ҳам биздан яширинди. Балки кўрсатишни исташмади. Беморнинг касаллик тарихини ҳам прокуратура олиб кетгани айтилди. Хуллас, ҳеч бир из йўқ. Ушбу ҳолат юзасидан туғуруқхонанинг генекология бўлими бошлиғи Марям Рўзиева билан суҳбатлашдик.

– Ўша куни бемор кундузги соат 10 ларда келган, – дейди М.Рўзиева. – Беморда камқонликнинг ўрта оғир даражаси аниқланган. Туғишга тайёр бўлмагани учун кутилган. Ҳамма муолажалар қилинган. Туғиш жараёни соат бешларда бошланган. Бачадон тўлиқ очилгандан кейин туғишга қўйилган. Боласи каттароқ бўлгани ва бола боши сал қийшиқ тушгани учун туғиши вазиятга қараб яна кутилган. Туға олмагач операцияга олишга тўғри келган. Бу жараёнда бачадондаги қон томирлари қочиб кетиши натижасида ички қон кетишдан беморнинг аҳволи оғирлашган. Кўрилган барча муолажаларга қарамай аёл ва боласи вафот этган. Албатта бу ҳолат мингта бемордан биттасида кузатилади. Шифокорларимиз қўлидан келганча ҳаракат қилган.

Туғуруқхонадаги масъулнинг бу фикрлари албатта бизни қониқтирмади. Воқеа гувоҳларини эса бахтга қарши топа олмадик.

Тиббиёт бўйича мутахассис эмасман, лекин ушбу соҳанинг тажрибали вакилларига шу савол билан мурожаат қилганимда жарроҳлик йўли билан бола туғдириб олинганда 95-96 фоиз ҳолатда бола тирик қолади, агар у она қорнида вафот этмаган бўлса, ички қон кетиш кузатилганда эса бачадонни тўлиқ олиб ташлаш орқали онанинг ҳаётини ҳам сақлаб қолиш мумкин экан.
Лекин негадир ўша куни на бемор, на унинг фарзанди тирик қолмаган.
Суриштирувда давом этдик. Кейинги манзилимиз марҳума яшаган Бешқўтон МФЙдаги 19-сонли оилавий поликлиника бўлди. У ерда марҳуманинг тиббий картаси бор йўқлиги билан қизиқдик. Аммо тиббий карта ҳам орган ходимлари олиб кетгани боис топилмади. Лекин марҳумага ҳаётлик чоғида бириктирилган доя билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик.
– Марҳума 1990 йилда туғилган ва ўтган йилнинг август ойида ҳомиласининг 13-14 ҳафталигида поликлиникамизга келган, – дейди 19-сон оилавий поликлиника дояси Наргиза Абдуллаева. – Тиббий кўриклардан вақтида ўтиб турган. Ўтган давр мобайнида скрининг марказига икки марта бориб келган. Соғлиги яхши эди. Ҳомиладорлиги доимий назоратда бўлиб тиббий картасига ёзиб борилган. Текширувларда аҳволи яхши чиққан. Хуллас туғишгача бўлган жараёнда ҳеч қандай касалликлари аниқланмаган.

Шундан сўнг оғир бўлсада марҳума яшаган хонадонга бордик. Уч нафар норасида фарзанди билан бўзлаб қолган ёш ота Фахриддин Бердиевнинг ҳам қайғули фикрларини тингладик.
– 20 январь куни оиламни соғлом ҳолатда туман марказидаги туғуруқхонага олиб бордим, – дейди у. – Кўришди. Ҳали вақти бор дейишди. Олиб чиқиб УЗИ аппаратига текширтирдим. Аппаратчилар ҳам уч соатлар вақти бор дейишди. Машинамда вақти келгунча олиб ўтирдим. Соат тушдан кейинги учларда туғуруқхонага киритдим. Соат бешларгача дардини келишини кутиб уни ушлаб туришди. Ўша вақтда хотинимнинг олдига кириб бордим. Аёлим қора терга тушиб кетган эди. Қўлимдан ушлаб “дадаси менга ёрдам беринг ўлиб қоламан” деди. Унинг оғзидан охирги эшитган гапим ҳам шу бўлди. Кўтариб иккинчи қаватга операция хонасига олиб чиқдим. Кейин менга қоғоз тўла дорилар рўйхатини беришди. Шуни олиб келинг дейишди. Чопганимча дорихонага кетдим. Узундан узоқ рўйхатдаги дориларни топиб жойлаб бергунича ярим соатдан кўпроқ вақт ўтди. Келгунимча, туғдириш учун ваакум аппарати қўшиб, болани ўлдириб қўйишган. Ваакум қўшган вақтида бачадондаги суюқлик тўкилиб кетган ва бола қуруқликда қолиб ҳалок бўлган. Кейин операцияга олиб кириб кетди. Ҳар соатда болам туғилдими, деб сўрайман. Ўзимиз хабар берамиз деб чиқариб қўяверди. Шу алфозда соат кечки 9 бўлди. Маҳалламиз шифокоридан телефон келди ва у болангиз ўлди дейишяпти кириб билинг қани, деди. Яна ичкарига кирдим. Операция тугаса ўзимиз хабар берамиз, дея яна чиқариб қўйишди. Бироздан сўнг чақириб қон керак дейишди. Қон излаб қариндош уруғларни чақирдим. Улар билан ичкарига кириб борсак, аёлимни ўлдириб сунъий ҳаво бериб қўйган экан. Лекин ҳали ўлгани йўқ деди. Аммо унда ҳаёт аломатлари сезилмасди. Докторлар билан савол жавоб қилдик. “Ўзларинг болани ўлдириб келгансизлар, қандай қилиб тирилтириб бераман” деди. Қўлимда УЗИ қоғози бор эди, шуни кўрсатдим. Шу пайтда ИИБдан, прокуратурадан, Миллий гвардиядан вакиллар келиб ҳаммаси қоравуллик қилди. Докторларнинг ҳаммаси кетди. Битта ҳамшира билан операция қилган битта шифокор қолди. Тонгги 3-3,5 ларда участкавой мени чақирди. Докторни олдига кирдим. Энди бардам бўлинг аёлингиз ўлди деди. Қўлимга соппа-соғлом аёлимни ўлдириб беришди. Бўлган воқеа шу.

Уч нафар норасида гўдаги билан қолган Фахриддин Бердиевнинг дарди ростдан оғир. Айниқса ҳозир унга жуда қийин. Марҳум аёлини қайтариб олишнинг имкони йўқлигини у яхши англайди, аммо айбдорлар жазосини олиш керак дейди. Менинг бошимга тушган ташвишлар бошқаларнинг бошига тушмасин, гўдаклар онасиз қолмасин, дея ёзғиради.
Ҳақиқатда унинг қўлидаги ўша куни марҳума тушган УЗИ қоғозининг нусхаси бор экан ва биз ҳам кўрдик. Қоғозда боланинг юрак уришлари, ҳолати ҳақида маълумотлар қайд этилган эди. Суриштирувни эса шу ерда якунладик. Бу билан ҳеч кимни айбламоқчи эмасмиз. Инсон борки хато қилади. Аммо баъзи арзимаган хатоларимиз, инсоннинг ўлимига сабабчи бўлса, уни кечириш қийин. Хулоса ўзингиздан.
Ўлмас Баротов,
ЎзА