Она тилини тушунмаган ўзбеклар...
Қизча кўзлари қизарганча тонгданоқ кеча ёд олган шеърини қайта-қайта такрорлайди. Мактабга боргунича ҳам йўл-йўлакай шеър мисраларини такрорлаб кетади. Бутун оила безовта. Ишқилиб, мактабида "узбекский" фанидан ёмон баҳо олмасин-да!
Қизча таълим ўзининг она тилида бўлмаган мактабда ўқийди. Онасининг таъбирича, бундай мактабларда билим пухта берилармиш...
Билмадим, биз оилада ўз пайтида барчамиз эл қатори ўзбекча, боз устига оддийгина умумтаълим мактабига қатнаганмиз. Билимларимиз ҳам жойидадек!
...Қизча мактабдан шодон қайтди. У зеҳнли, зийрак. "Ўзбек тили" фани, унинг таъбирича, "узбекский"дан аъло баҳо олибди.
Мактабдан қайтгач, яна севимли машғулоти билан банд бўлди – столнинг тагига кирволиб телефонда ўйин ўйнайди. Тўғри-да, энг хавфсиз, энг қулай жой. Ҳеч ким ақли етиб уни бу ердан топа олмайди. Маза, хоҳлаганча ўйинни авжига чиқариш мумкин. Дарс яна ярим тунга қолди. Кечқурун яна кечаги машмаша бошланади... Бу одатий ҳол, эҳтимолки, йигирманчи, ўттизинчи... яна нечанчи бор такрорланмоқда.
– Ойи, "узбекский"дан шеъримни ёдлай олмаяпман... Сўзлари қийин. Завқ-шавқ нима?
– Мана сен, қизим, телефонни азарт билан ўйнайсан-ку! Бу телефонни завқ-шавқ билан ўйнамоқ, дегани.
– Шеърда тушунарсиз сўзлар кўп, – қайсарлиги тутади қизчанинг. — "Қалб" дегани нима? "Намоён" нима? "Кенгликлар" нима?
Беғубор қизчанинг саволлари "Фаросат нима? Миллийлик, ўзлик, одоб-тарбия, маърифат нима?" тарзида виждонимизда акс-садо бераётгандек, ўзининг тузалмас изларини қолдираётгандек гўё. Қалбини телефон забт этган бўлса, энди у Навоий, Бобур сатрларини эмас, замонамизнинг болалар шоирлари ёзган шеърларни-да тушуниши қийин.
Ҳа, ўз она тилида йиғламсираб шеър ёдлаётган биргина шу қизчамикан? Китобхонлик танловлари, китобхонлик ҳафталиклари, турли викториналар болаларда эндиликда уларнинг ўз ота-оналари қўлидан келмаган юмуш – ўз она тилига ҳурмат ва эҳтиромни шакллантириши керакдек...
Болалар улғаймоқда ўзбекчани тушунмаган ўзбеклар бўлиб...
Менинг эса юрагимга оғриқ кирмоқда,азиз юртдошим!
Назокат Усмонова, ЎзА