Миллий адабиётимиз тараққиётига истисносиз беқиёс ҳисса қўшган улуғ шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда буюк шоир ва мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий таваллуд саналарини роппа-роса беш юз йил ажратиб туради.
21- октябрь - "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинган кун
Миллий адабиётимиз тараққиётига истисносиз беқиёс ҳисса қўшган улуғ шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда буюк шоир ва мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий таваллуд саналарини роппа-роса беш юз йил ажратиб туради. 1441- ва 1941 йиллар... Миллатимиз, миллий адабий-эстетик тафаккуримиз тарихида бу саналар теран мазмун ва юксак аҳамиятга молик. Зеро, роппа-роса беш асрдан кейин буюк бобокалонимиз Алишер Навоий асарларидаги умрбоқий анъаналарни муносиб давом эттиргани, миллий шеъриятимизда ўзига хос мактаб яратиб, уни янги замон шароитида чинакам юксак даражага кўтара билгани Абдулла Орипов ижодининг беқиёс аҳамиятига ҳужжатдир, далилдир.
Савол туғилади: хўш, бу икки мутафаккир дунёқарашидаги, ижодий принципларидаги, поэтик кашфиётларидаги муштараклик, ворисийлик нималарда кўринади? Уларнинг миллий маънавиятимиз, адабиётимиз такомилига қўшган улуғвор ҳиссаларида қандай мутаносиблик бор? Улкан аҳамиятга эга бу илмий ҳақиқатнинг айрим қирраларига эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Буюк бешлик – “Хамса”ни ижод этар экан, ҳазрат Навоий мана бундай сатрларни битади:
Ани назм этки, тарҳинг тоза бўлғай,
Улусға майли беандоза бўлғай.
Йўқ эрса, назм қилғонни халойиқ
Мукаррар айламак сендин не лойиқ.
Хуш эрмас эл сўнгинча рахш сурмак,
Йўлеким, эл югурмишдур – югурмак.
Биравким бир чаманда сойир эрди,
Нечаким гул очилғон – кўрди, терди.
Ҳамул ерда эмас гул истамак хўб,
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп.
Улуғ мутафаккир халойиқ назм қилғонни мукаррар айламоқ – такрорламоқ фикридан йироқ. Ул зотнинг эътиқодича, бировлар кетидан от сурмоқ, эл югурган йўлдан югурмоқ маъқул эмас. Бошқалар гул терган чаманда гул истамоқ оқил иши саналмайди. Ваҳоланки, “Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп”. Яъни ҳар ким ўз дидига мос гулни изламоғи, термоғи зарур. Буни ижодга татбиқ этилса, ҳар ким ўз сўзини, ўзигагина хос услубда ифодаламоғи керак.
Адабиёт оламига кириб келган дастлабки кезлардаёқ Абдулла Орипов ўз олдига ҳазрат Навоийнинг мазкур фикрларига ҳар жиҳатдан ҳамоҳанг ижодий дастур қўя билди ва уни мана бу тарзда эълон қилди:
Мен шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим,
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим...
Ана шу дастурий фикрнинг поэтик ифодаси билан бошланган шеър хотимасида шоир бениҳоя салмоқли хулосага келади. Аҳамиятлиси шундаки, бу хулоса ҳам ҳазрат Алишер Навоий номи билан боғланган:
Хаёл каби кенг эрур олам,
Майда гапни кўтармагай шеър.
Керак бўлса, менинг учун ҳам
Жавоб берар бобом Алишер.
Кўриниб турибдики, ҳар икки ижодкор якдил фикрда: шеъриятда ўзгаларни такрорлаш (“мукаррар айламак”) айб. Чинакам шоир ўз сози билан куйлаши лозим. Бошқалар кетидан от сурмоқ, ўзгалардан туйғу олиш ҳақиқий ижодкор иши эмас. Тақлидчилик ижод табиатига зид. Шунинг учун ҳам Абдулла Орипов тақлидчи шоирга ҳақли равишда мана бундай киноя қилади:
Тақлид қила бергин етса бардошинг,
Модомики сенда бор экан ҳавас.
Фақат бир қора кун кўтариб бошинг,
Асл нусхаман деб дод солмасанг бас.
Тақлидчилик ҳазрат Навоийнинг “Ани назм этки, тарҳинг тоза бўлғай” деган фикрларига ҳам моҳиятан мувофиқ эмас. Чинакам ижод намунаси асл ва оҳорли бўлмоғи зарур, тоза тарҳ билан битилмоғи керак. Бутун ижодий фаолияти ана шундай юксак эътиқод, мустаҳкам тутум асосига қурилгани бу икки буюк истеъдоднинг ижодкор сифатидаги тутумлари нечоғли уйғун экани исботидир, бизнингча.
Бу икки буюк шоир ижод майдонига чиққан тарихий шароит ўртасида ҳам муайян мутаносиблик бор. Ҳазрат Навоий замонида адабиёт тили сифатида форс тилининг мавқеи баланд эди. Ўзлари туркий миллатга мансуб икки буюк ижодкор – Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий “Хамса”ни форсийда яратган, адабиёт аҳли ўртасида туркий тилда бундай улкан бадиий обидани яратиб бўлмайди, туркий тилнинг ифода имконияти бунга етмайди, деган қарашлар ҳукмрон эди. Улуғ мутафаккир “Муҳокамат ул-луғатайн”да туркий тилнинг фасоҳати ва балоғати форсийдан кам эмаслигини, аксинча, баландроқ эканини аниқ далиллар билан исботлар экан, мана бундай ёзади: “Бу алфоз (туркий тил – Н.Ж.) ва иборатда бу навъ дақойиқ кўпдурким, бу кунга дегинча ҳеч киши ҳақиқатиға мулоҳаза қилмағон жиҳатдин бу яшурун қолубдур... Андин сўнграким, турк тилининг жомеияти мунча далоил била собит бўлди, керак эрдиким, бу халқ орасидан пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин, ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди. Ва агар икки тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди ва яна бир тил била озроқ айтсалар эрди. Ва агар муболаға қилсалар, иккала тил била тенг айтсалар эрди. Бу эҳтимолга худ йўл берса бўлмаским, турк улусининг хуштабълари мажмуи сорт тили била назм айтқайлар ва билкулл турк тили била айтмағайлар...”.
Ҳазрат Навоий она тилининг тақдири учун ана шу тарзда куюнди, унинг мавқеини кўтармоқ, миллатнинг шаънини юксалтирмоқ учун бор салоҳиятини сафарбар этди. Бу миллатдан етишиб чиққан табъ аҳлини –
ижодкорларни ўзга лисонда эмас, она тилида бебаҳо бадиий асарлар битмоққа чорлади.
Абдулла Орипов ижод майдонига келган ўтган асрнинг 60-йилларида ҳам она тилимиз тақдири учун таҳликали вазият юзага келган, кўпмиллатли совет халқининг таркибий қисми саналган миллатлар тилининг йўқола бориши, бир тилга бирлашиб кетиши ҳақида “башорат”лар қилинаётган эди. Йирик нуфузли анжуманлар тугул кичик ташкилот ёки муассасадаги йиғинлар ҳам рус тилида олиб борилиши урфга айланган. Барча идора ишлари ҳам ўзга тилда юритилар, собиқ иттифоқдаги бошқа миллий тиллар каби ўзбек тили ҳам деярли хонадон тили даражасига тушиш хавфини бошдан кечираётган эди. Абдулла Орипов ана шундай вазиятда ижод майдонига кирди. Энди унинг олдида ҳам “миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурғон оинаи ҳаёти” (Абдулла Авлоний таъбири – Н.Ж.) – тили ва адабиётини юксалтириш йўлида жонбозлик қилиш вазифаси турар эди. “Она тилига туганмас ишқ, унинг тақдирию камолоти учун масъуллик ва ғамхўрлик – сўз даҳоларини бирлаштирувчи биринчи фазилат. Данте италян тилини халқаро йўқламада нечоғлик барқарор этган бўлса, Навоий ҳам шундай вазифани – жаҳоншумул ватанпарварлик ишини адо этди. Этник жиҳатдан бағоят хилма-хил, қанчадан-қанча шеваларда гаплашувчи кишилар тилига хос сўзларни ўзбек адабий тили доирасига олиб кирди. Навоийнинг журъати ва жасорати, маҳорати туфайли ўзбек адабий тили мукаммал шаклланишга эришди”, деган Абдулла Ориповнинг ўзи ҳам бу борада тенгсиз хизмат қилди. Шоирнинг 1965 йилда ёзилган “Она тилимга” шеъри бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга:
Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан...
Шеърда булбул – бетакрорлик рамзи. Бошқа ҳеч кимникига ўхшамагани учун унинг каломи минг йиллар ўтса-да, ўзгармайди. Бунга эҳтиёж ҳам сезмайди. Тўти эса – тақлид тимсоли. Шу боисдан у ачинмоққа сазовор. Шу сабабдан ҳам унга нисбатан “шўрлик” эпитетини қўллайди шоир. Шоирнинг булбул куйини шеърга солаётгани сабаби – она тилининг мавжудлиги. Тилини йўқотганлар ҳам тўти билан қисматдош бўлишга маҳкум – ана шеърдан чиқарилган ўзига хос поэтик хулоса.
–Бу шеърнинг тарихи жуда узун, – деб ёзади муаллиф. – Саккиз қаторлик шу шеър бошимга саккизта бомба бўлиб тушишини туш кўрибманми? Ҳозирги ёшлар она тилимизга Давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонунни “ҳатто” уддалаб бажара олишмаяпти. У маҳалларда-чи?...
Шеър чиққач, “Ҳали сенинг она тилинг борми? Ҳали сен жаҳон сотсиализми ғоясига қаршимисан? Ота-онанг ким? Қайси миллатчининг боласисан?” – деган бир дунё тазйиқ остида қолганман.
Катта миннатдорчилик билан бир гапни айтиб ўтишим керак: балки қамашга, балки мени йўқ қилиб юборишга асос бўладиган уч-тўртта шеърим, яъни “Она тилимга”, “Минораи калон тепасидаги лайлак”, “Ўзбекистон” каби тизмалар Александр Твардовский ҳамда Қайсин Қулиев ёрдами билан марказий нашрларда (“Новый мир” журналида – Н.Ж.) босилиб чиқмаганида эди, ўша тақдир чархпалаги қаёққа қараб айланиб кетиши мумкинлигини мен ҳозир ҳатто тасаввур ҳам қила олмайман.
Она тилимиз тақдирига куйиниш миллатнинг қисматига куйиниш демакдир. Ҳукмрон коммунистик мафкура миллий тилларнинг бора-бора йўқолиб, ягона тилга сингиб кетиши ҳақидаги сохта ва зарарли ғояни тарғиб қилиб турган бир вазиятда бундай шеърни ёзиш бошини кундага қўйиш билан баробар эди. Фақат буюк жасорат соҳибигина бундай ишга қўл уриши мумкин эди. Бу амалда мустақиллик орзусини қаламга олиш билан баробар эди.
«Катта шоир ҳамиша ўз вақтида майдонга келади, у – ҳамиша тарихий. Зотан, катта шоир ўз халқининг овози, унинг орзу-умидлари ва инсон қалби изтиробларининг ифодачисидир. Абдулла Орипов менга XXI асрга қадам қўйган даврларимизнинг буюк маданий аҳамиятга молик ана шундай шоири бўлиб гавдаланади». Дунёга машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг Абдулла Орипов ҳақидаги эътирофи шундай.
«Абдулла Орипов сўзнинг ифода кучини бехато сезади, ҳаётни ўз билишича, ўзига хос янги назар билан кўради. Абдулла Орипов шеърлари билан ҳар бир учрашув шеърият байрамига айланиб кетади». Бу фикрлар Қайсин Қулиевга тегишли.
Евгений Евтушенко «Ўзбекларга хос донишмандлик, бағрикенглик, хокисорлик ва андиша Абдулла Орипов поэзиясига сингиб кетган»ини эътироф этса, Ўлжас Сулаймонов фикрича, «Абдулла Орипов лирикасида
қадимий ўзбек шеъриятига хос энг гўзал жиҳатлар мужассамлашган. У ўзбекнинг рамзи бўлган ижодкор».
Бундай эътирофлар ўз-ўзидан дунёга келган эмас. Бир пайтлар овози икки дарё оралиғида қолиб кетганидан ўкинган шоир истиқлолдан кейин дунё миқёсида эътироф этилди. Асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Ўзбекнинг, Ўзбекистоннинг вакили сифатида кўплаб хорижий давлатларда бўлиб, шеърлари жаҳон минбарида янгради.
Ўз-ўзига маҳлиё бўлиш – иллат. Аждодларимиз беназир бўлгани рост. Тарихда ҳайратга арзирли ютуқларга эришганимиздан асло кўз юмиб бўлмайди. Лекин чинакам саодатга эришмоқ учун булардан фахрланишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунинг учун ўша аждодларга муносиб бўлмоқ, уларнинг ютуқларини янгилари билан бойитиб бормоқ зарур. Афсуски, биз ҳар доим ҳам бунга муваффақ бўлаверган эмасмиз. Токиода ёзилган қуйидаги тўртлик ана шу армон ифодаси ўлароқ яралган:
Дунёда тугамас экан армонлар,
Ўтди қанча замон, қанча сарбонлар.
Ўтира берибман буюкман дея,
Манзилга етибди бошқа карвонлар.
Ватан мавзуи Абдулла Орипов ижодида ўзига хос юксак мақомга эга. Ижодкорнинг бу мавзудаги шеърлари шеъриятда мавжуд қолипларга асло мос келмайди. “Ватан” сўзини суиистеъмол қилиш, тарғибот-ташвиқот руҳи шоир ижодига мутлақо бегона. Абдулла Орипов Ватан мавзуига бетакрор ёндашади, кутилмаган ташбеҳларни қўллайди, мисралар қуйилиб келади. Натижада уларни мутолаа қилганлар қалбида ўз-ўзидан она заминга муҳаббат туғилади. Кўнгилларга Ватан қадри нечоғлик юксак экани ҳақидаги туйғу инади. Бинобарин, ҳақиқий шеърнинг, чинакам шоирнинг вазифаси ҳам шу: туйғуни тушунтириб, изоҳлаб ўтирмасдан юқтиради, шуурларга нур бағишлайди, руҳни юксалтиради. “Бу юртда” тўртлиги ана шу фазилатни мужассам этгани билан алоҳида ажралиб туради:
Токи тонг отқунчалик интиқ қилар қуёшни,
Қишнинг бели ёй каби букилгайдир бу юртда.
Болға билан бир урсанг учраган ҳар бир тошни,
Олтин қуми шовиллаб тўкилгайдир бу юртда.
Машҳур адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов мана бундай ёзган эди: «...мен адабиётшунос сифатида Абдуллажоннинг ижодидан уч-тўртта мақола эълон қилганман-у, лекин унинг ижодини ҳар томонлама тадқиқ этувчи, XXI аср шеъриятида, қолаверса, жаҳон шеъриятида Абдулла Орипов феноменини тўла бўлмаса-да, бир қадар мукаммалроқ очиб берадиган дурустроқ бир мақола ҳам ёзган эмасман. Ҳар гал бу ишга киришмоқчи бўлганимда, бу шеърият қаршисида қаламимнинг бениҳоя ожизлигини ҳис қилардим».
Дарҳақиқат, Абдулла Орипов шеърияти ҳақида ёзилган тадқиқотларни заррача камситмаган ҳолда, эътироф этиш керак, адабиётшунослигимиз бу шеърият олдида қарздор.
Бугунги кунда шеъриятимиз ҳам шаклан, ҳам мазмунан эврилишга юз тутди. Бу ҳол кўпинча адабиёт равнақига хизмат қилаётгани ҳам рост. Абдулла Орипов устоз ижодкор, атоқли сўз санъаткори сифатида шеъриятдаги ҳар бир ўзгаришни, ютуқ ва муаммоларни мунтазам кузатиб келади. Кузатадигина эмас, катта ижодий тажрибасидан келиб чиқиб, муносабат билдиради. Шоирнинг Ватанимиз эндигина мустақилликка эришган кезлари айтган мана бу фикри, айниқса, аҳамиятли ва қийматини ҳеч қачон йўқотмайди десак, муболаға бўлмас: “Ҳозирги шеъриятимизда шаклдаги ранг-баранглик қарор топаётгани мени қувонтиради. Ранг-баранглик ҳеч қачон эскирмайди. Фақат унинг замирида бетакрор мазмун, гўзал ташбеҳ, сирли руҳ бўлса, бас”.
Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, ана шу бетакрор мазмун, гўзал ташбеҳ, сирли руҳ - устоз Абдулла Орипов шеъриятининг умрбоқийлигини таъминлаб келаётган бош омилдир. Бинобарин, токи миллат ва унинг адабиёти бор экан, шоир ижоди “ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви” ўлароқ янгидан янги авлодларнинг кўнгил ташналигини қондиражакдир. Нур ўлароқ шуурларни ёритгувсидир.
Нурбой ЖАББОРОВ,
Филология фанлари доктори, профессор.