Миллатнинг энг биринчи белгиси, аввало, унинг тилидир. Шу боис бу улуғвор қадриятни она Ватан деган тушунча билан бирга тилга оламиз, юксак қадрлаймиз.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги Қашқадарёда ҳам муносиб нишонланди.
Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, бир гуруҳ зиёлилар ва бошқалар иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкали пойига гул қўйилди. Абдулла Орипов музейи билан танишилди. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.
Шундан сўнг Қарши давлат университети профессори, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов ва бошқаларнинг ўзбек тили тараққиётига бағишланган маърузалари тингланди.
[gallery-19912]
Таъкидлаш лозимки, қашқадарёлик бир гуруҳ олимлар туркий тиллар бўйича халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан иштирок этаётгани, ўзбек тилшунослиги йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар сонининг ошганлиги, вилоятимиз ижодкорларининг сара асарлари чет тилига таржима қилиниб, чоп этилаётгани бизни жуда қувонтиради. Айниқса, фаол ёшларимиз ўртасида кенг қулоч ёяётган китобхонлик анъаналари орқали ҳам она тилимизга бўлган эҳтиром уларнинг қалбларига сингиб бормоқда.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда юритилаётган иш ҳужжатларининг давлат тили борасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ва янги ўзбек алифбосида бўлишига эътибор кучайтирилмоқда.
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” кўрик-танловининг мамлакат босқичида вилоятимиздан Қамаши туманининг “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” йўналишида 3-ўринга сазовор бўлгани барчамизни мамнун этади.
Тадбир давомида бир гуруҳ давлат тили ривожига катта ҳисса қўшаётган фаоллар тақдирланди.
Вилоят мусиқали драма театри актёрлари ижросида саҳна кўриниши, мақомчилар жамоаси ва вилоят санъаткорларининг чиқишлари, Қарши давлат университети филология факультети талабалари ҳамда Абдулла Орипов ижод мактаби ўқувчилари ижросидаги бадиий композиция барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Шунингбек, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан “Ёш китобхонлар” интеллектуал викторинаси ташкил этилди.
Тадбир она тили мадҳ этилган қўшиқ билан якунланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари