Она алласидек ёқимли қўшиқ (+видео)
Дунёда шундай қўшиқ борки, у она алласидек ёқимли. У янграганда кўнгиллар ором олади, мудроқ қалблар сергакланади, қалблар ҳаяжонга тўлади. Бу қўшиқ янграганда катта-ю кичик беихтиёр куйлай бошлайди. Бу шубҳасиз улуғ ва улкан қудратга эга давлатимиз мадҳиясидир.
Жорий йилнинг 10 декабрь санасида давлатимиз мадҳияси қабул қилинганлигига 30 йил тўлди. 30 йилдирки мадҳия ҳар тонг янграйди. Фарзандларимиз ҳар тонг мадҳиямиз садолари остида мактабга қадам қўяди.
Шу кунларда барча жойларда – корхона, ташкилот ва муассасаларда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Дарҳақиқат, давлатимиз мадҳияси барчамизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялайдиган, ўтмишимиз ва келажагимизга чуқур ҳурматни шакллантирадиган восита саналади. Унинг ҳар бир сатрида халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлигимиз ва ўзаро бирдамлигимиз ўз ифодасини топган.
Мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи бўлиб, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам унга ҳурмат бажо келтириши шарт. Бу қонунда белгилаб қўйилган. Мадҳиямиз янграганда ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси янада жўш уради. Шу азиз ва муқаддас юртни ҳар томонлама ҳимоялаш, унинг гуллаб-яшнаши учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қилишимиз лозимлигини теранроқ ҳис қила бошлаймиз. Мадҳиямиз ҳар биримизни янги марралар сари етаклайди ва куч-қувват бағишлаб, янада руҳлантиради.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/rjUkie3jdL0" title="Она алласидек ёқимли қўшиқ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Абдували Бўриев, ЎзА