Ўн икки ёшли кутубхона раҳбари
Ўтган йилнинг декабрь ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшлар билан учрашувида ёшларнинг бандлик, тадбиркорликни йўлга қўйиш, таълим олиш шароитларини яхшилаш, китобхонликни оммалаштириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича мурожаат, таклиф ва ташабусларини эшитган, уларнинг аксариятини шу ернинг ўзида ижобий ҳал этган, айрим мурожаат ва таклифларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди.
Жумладан, мулоқотда Андижон тумани Терактаги маҳалласида яшовчи 12 ёшли Асадилло Розиқов вилоят ҳокимидан ўз маҳалласида кутубхона ташкил этиб берилишини сўраганди.
Вилоят ҳокими ёш китобхоннинг ушбу илтимосини қўллаб-қувватлаб, давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасидаги вазифалари ижроси сифатида мутасаддиларга бир ой ичида Терактаги маҳалласида мўъжазгина кутубхона ташкил этиш юзасидан топшириқ бериб, ушбу кутубхонани Асадбекнинг ўзи бошқаришини айтиб ўтган эди.
[gallery-15740]
Ўтган вақт ичида Терактаги маҳалласида мўъжаз кутубхона ташкил этилиб, зарур жиҳозлар, ўзбек, жаҳон адабиёти дурдоналари, шунингдек, болаларга мўлжалланган бадиий китоблар билан таъминланди.
Бугун маҳалла нуронийларнинг дуолари билан ушбу кутубхона фойдаланишга топширилди. Энди ўн икки ёшли Асадбек бошқарадиган кутубхона маҳалла ёшлари бўш вақтини ўтказадиган гавжум масканлардан бирига айланади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари