Ўн бир ёшли Омадбек “метрка” олди
Андижон вилояти Адлия бошқармаси томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллардаги мурожаатлар доирасида фуқароларни йиллар давомида қийнаб келаётган турли муаммолар ижобий ечимини топмоқда.
Жалақудуқ туманининг Узункўча маҳалласида яшовчи Омадбек Нўъмонжонов яқинда ўзининг 11 ёшини қаршилади. Шундай бўлса-да, отасининг паспорти йўқлиги ҳамда турли оилавий сабаблар туфайли унинг туғилганлиги ўз вақтида расмийлаштирилмаган эди.
Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги учун у боғчага, мактабга боришида, айниқса, болалар фойдаланадиган тиббий хизматлардан фойдаланишда кўп қийинчиликларга учради.
Омадбекнинг ота-онаси вилоят адлия бошқармаси томонидан Жалақудуқ туманида ўтказилган сайёр қабулда ушбу муаммони ҳал этишга ёрдам берилишини сўраб мурожжат қилди. Ушбу мурожаати Жалақудуқ туман ФҲДЁ бўлими томонидан белгиланган муддатларда ўрганиб чиқилиб, туғилганлиги тасдиқланиб, далолатнома расмийлаштирилди.
Мустақиллик байрами арафасида 11 ёшли Омадбекка вилоят адлия бошқарма бошлиғи ўринбосари Камолиддин Машрапов томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА