Омонхона туризм қишлоғига айланмоқда
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Ўз ўлкангни кашф эт” лойиҳаси доирасида “Туризм қишлоғи” мақомини бериш масалаларига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона қишлоғида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Ўз ўлкангни кашф эт” лойиҳаси доирасида “Туризм қишлоғи” мақомини бериш масалаларига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ташкил этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга қаратилаётган эътибор юртимизни дунёга кенг тараннум этиб, миллий иқтисодиётимизни янада юксалтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. “Туризм қишлоғи” мақомини олган ҳудудларда яратиладиган шароит ва қулайликлар ҳақида фикр алмашилди.

Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Туризм қишлоғи” мақоми берилган ҳудудларда замонавий инфратузилма ривожлантирилиб, обод масканга айлантирилади. Кенг, равон йўллар барпо этилиб, электр энергияси, газ, сув, канализация тизими яхшиланиб, бир маромда ишлаши таъминланади. Мобиль алоқа ва интернет тармоғи сифати оширилиб, аҳоли ва сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш ривожланади.
Атрофи сўлим тоғлар ва қир-адирларга туташ Омонхона қишлоғи вилоят марказидан 158, туман марказидан 16 километр узоқда жойлашган. Қишлоқдаги 220 та хўжаликда 1 минг120 киши истиқомат қилади.

Айни пайтда шифобахш булоқ суви, гўзал табиат манзаралари, муқаддас зиёратгоҳлари билан жаҳонга танилган қишлоқ тиббиёт, эко ва зиёрат туризми шайдоларини ўз бағрига чорлаётир. Шунга мос равишда дунёнинг турли давлатларидан келаётган сайёҳлар сони ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
– Омонхона ¬жаннатмонанд юртимиздаги мўъжизакор масканлардан биридир, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов.

– Қадимий бу гўшанинг битта мўъжизаси шундаки, шу ерлик оқсақолларнинг айтишича, шифобахш булоқ сувидан истеъмол қиладиган қишлоқ аҳолисидан бирон киши ҳозиргача ўткир юқумли касалликлардан азият чекмаган. Вирусли гепатит ёки ошқозон-ичак касаллигига чалинмаган. Аксинча, вирусли гепатит, жигар церрози каби касалликка дучор бўлган кишилар қишлоққа келиб булоқ сувидан баҳраманд бўлгач, шифо топиб кетаётир. Эндиликда бу ерга келувчи хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда.
Қишлоқдаги Ҳазрати Хўжа Султони Вали Балогардон зиёратгоҳи ўтмишда воҳада яшаган етти буюк Валининг бузруквори макон топган муқаддас жой саналади. Тарихий манбаларда Хўжа Султони Вали ҳазратлари Термизда машҳур муҳаддис олим Ҳаким Термизий билан учрашгани ҳам айтилади.

Шу пайтгача қишлоқ аҳолиси чорвачилик билан шуғулланиб, даромад кўрган. Сўнгги йилларда туризмнинг ривожланиб бораётгани аҳолининг даромад манбаини кенгайтириб, турмуш даражасини ҳам юксалтирмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланиб, савдо, маиший, меҳмонхона хўжалиги ва бошқа хизматлар кўрсатишни йўлга қўймоқда.
Жумладан, сўлим гўшада Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик компаниясига қарашли замонавий “Омонхона” даволаш маскани, битта замонавий меҳмонхона, шифобахш сувни қадоқлаш корхонаси, 9 та оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда.

Яна 20 тадан ортиқ хонадон соҳиблари оилавий меҳмон уйлари ташкил этиб, меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича таклиф берган. Шу кунларда янгидан ташкил этилаётган меҳмон уйларига сертификатларни топширишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Бой туристик салоҳиятга эга вилоятнинг Шеробод тумани Чорбоғ маҳалласидаги Тузкон мажмуаси, Бойсун туманидаги Сайроб, Сариосиё туманидаги Сангардак ва Олтинсой туманидаги Хўжаипок қишлоқлари аҳолиси ҳам “Туризм қишлоғи” ташкил этишга ҳаракат қилмоқда.