Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилоят филиалида вилоят спорт бошқармаси томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ёшларни оммавий спортнинг футбол, мини футбол, волейбол, стритбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби 13 та турига жалб этиш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш мақсадида ўтказилаётган "Беш ташаббус олимпиадаси" мусобақалари ва Олимпиада ҳамда Паралимпия ҳаракати йўналишида Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, истиқболдаги режалар ҳақида сўз юритилди.


– "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтган 2024 йил давомида вилоятдаги 239 та маҳаллада кўчалараро маҳалла босқичлари ўтказилиб, унда ғолиб бўлганлар сектор, туман, шаҳар, вилоят босқичларида иштирок этди. Шунингдек, вилоятда ғолиб бўлганлар республика босқичларида иштирок этди, – деди Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов. – Мусобақанинг кўчалараро маҳалла босқичларида 149 минг 120 нафар ёш иштирок этди. Энг асосийси, мазкур мусобақанинг якунловчи республика босқичида фақат 1-ўринни қўлга киритганлар эмас, балки 2- ва 3-ўринларни эгаллаганлар ҳам лигаларга бўлинган ҳолда қатнашди. Натижада сирдарёлик ёшлар 2024 йилда 14 та олтин, 8 та кумуш, 4 та бронза медалларини қўлга киритди. Бу натижа иштирокчилар сонига қараганда катта эмас. Аммо ёшларнинг оммавий спорт турларига қизиқиши сезиларли даражада ортган. Шу боисдан, 2025 йилда ўтказиладиган "Беш ташаббус олимпиадаси"га қатнашиш истагини билдирганлар сони 183 минг 905 нафарга етди.


Бундан ташқари, "Беш ташаббус олимпиадаси" мусобақаларида имконияти чекланган ёшларга ҳам йўл очилди. Ўтган йили 602 нафар сирдарёлик ёш спортнинг пара енгил атлетика, пара шашка, пара шахмат, пара стол тенниси, пара киберспорт турлари бўйича иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга Спорт бошқармаси масъулларидан атрофлича жавоблар олишди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири