Омилкорлик – муваффақият асоси
Жорий йилда Сурхондарё вилоятидаги уч мингдан ортиқ фермер хўжалиги пахтакорлари 119 минг 600 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос, эртапишар ва серҳосил “Бухоро-102”, “Наманган-77”, “Султон”, “Порлоқ-1”, “Беш қаҳрамон” навли ғўза ниҳолларини парваришламоқда.
Жорий йилда Сурхондарё вилоятидаги уч мингдан ортиқ фермер хўжалиги пахтакорлари 119 минг 600 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос, эртапишар ва серҳосил “Бухоро-102”, “Наманган-77”, “Султон”, “Порлоқ-1”, “Беш қаҳрамон” навли ғўза ниҳолларини парваришламоқда.Бунинг учун миришкорлар ҳосил тўплашда масъулиятли палла – август ойида барча агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда тез ва сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратаётир.
Ёз фаслида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кузатилган бу йилги шароитда ғўза ниҳолларини шарбат усулида тунги суғориш, чопиқ ва бегона ўтлардан тозалашга алоҳида эътибор қаратилгани, культивацияни оби-тобида ўтказиб, тупроқдаги намгарчиликни сақлаб туришга аҳамият берилгани ютуқлар омили бўлаётир.
Денов туманида 348 фермер хўжалиги 12 минг гектар майдонда пахта етиштирмоқда. Туман фермерлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаевнинг таъкидлашича, август ойида ҳосил чўғини янада кўтариш учун пахтакорлар мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун эгатларни кўллатмасдан суғориш, қатор ораларига қайта ишлов бериш, ғўза ғовлаб кетишининг олдини олиш, бегона ўтлардан тозалаш юмушларини сифатли амалга оширишга эътибор янада кучайтирилди. Сувчи, механизатор ва дала ишчиларининг ўз вазифасига масъулияти оширилди.
Халқимизда деҳқон учун асад ойининг бир куни йилга татийди, деган гап бор. Зеро, масъулиятли бу ойда бажариладиган муҳим агротехник тадбирлар кузда олинадиган ҳосил тақдирини ҳал қилади. Аксинча, озгина эътиборсизлик қилинса, ҳосилнинг бир қисми тўкилиб кетиши ҳеч гап эмас. Белгиланган муддатда суғорилмаган майдонларда сувдан чанқаган кўсаклар муддатидан олдин очилиб, пахта салмоғи ва сифатига таъсир этади. Кўллатиб суғорилса, ниҳоллар ғовлаб, ҳосил тўкилишига олиб келади. Вилоятда бундай ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбир белгиланиб, барча дала юмушлари шу асосда олиб борилмоқда. Ғўза ниҳолларини чанқатиб қўймаслик учун далаларни суғориш графиги тузилган. Шарбат усулида тунги суғориш давом эттирилмоқда. Сувчи ва механизаторларга етарли шароит яратилиб, оби-тобига келган майдонларни меъёрида культивация қилиш ва тупроқдаги намликни сақлаб туриш йўлга қўйилган.
– Деҳқончиликда осон йилнинг ўзи бўлмайди, – дейди Жарқўрғон туманидаги “Азим-Сурхон” фермер хўжалиги раҳбари Омон Аҳадов. – Пахтачилик учун қулай келган бу йилги шароитда 62 гектар майдонда “Бухоро-102” навли ғўза ниҳолларини парваришлаб, мўлжалдаги ҳосилни тўплаш тараддудидамиз. Ўтган ойдаги иссиқ ҳарорат ҳосил чўғига ўз таъсирини ўтказишидан хавотирланган эдик. Ҳосилни сақлаб қолиш учун миришкорларимиз омилкорлик билан иш тутди. Ғўзани тунда, ниҳоллар томири совигач, шарбат усулида суғоришни жорий этиб, культивация сифатига эътибор кучайтирилди. Тунги шарбат сувидан баҳра олган ниҳоллар бўлиқ ривожланиб, кам шона ташлади. Ҳозирги кунда шарбат усулида тунги суғориш, ниҳоллар ғовлаб кетишининг олдини олиш, культивацияни ўз вақтида сифатли ўтказиш каби муҳим тадбирлар уюшқоқлик билан амалга оширилаётгани ҳосилга ҳосил қўшмоқда. Бу йил ҳар гектар майдондан ўртача эллик центнердан хомашё олишни мўлжаллаяпмиз.
Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан маълум қилишларича, ғўза чеканкаси сифатли якунланди. Шарбат усулида тунги суғориш белгиланган график асосида қизғин давом этмоқда. Қатор оралари меъёрида культивация қилиниб, эгатлар бегона ўтлардан тозаланаётир. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланилмоқда. Бу ишларнинг барчаси шонани гулга, гулни кўсакка айлантириб, мўл ҳосилга пухта замин ҳозирламоқда.