Омилкорлик – мўл ҳосил гарови
Серқуёш заминимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари таъми ва фойдали элементларга бойлиги билан чет эллик истеъмолчиларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Серқуёш заминимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари таъми ва фойдали элементларга бойлиги билан чет эллик истеъмолчиларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда етиштирилган боғ ва полиз маҳсулотлари бебаҳо истеъмол хусусияти, таркибида табиий шакар, амино ҳамда органик кислоталар, саломатлик учун муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан ажралиб туради.
Навоий вилоятида ҳам боғ ва узумзорларни кенгайтириш, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили вилоятда 232 гектар интенсив боғ ҳамда 191 гектар токзор барпо этилиб, интенсив боғларнинг умумий майдони 1 минг 483 гектарга, токзорлар эса 4 минг 162 гектарга етказилди.
Вилоятда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иқтисодий самара бермаётган яроқсиз боғ ва токзорларни реконструкция қилиш, музлаткичли омборхоналар, иссиқхоналар, қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш, қатор ораларида сабзавот, полиз ва бошқа экинлар экиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинарда шулар ҳақида сўз борди.
Навоий вилояти ҳокими ўринбосари С.Ҳамроев, “Ўзвиносаноатхолдинг” холдинг компанияси бошқарма бошлиғи А.Аҳмаджонова ва бошқалар мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.
– Боғдорчиликда дарахтларни янгилаш, кам ҳосил берадиган боғлар ўрнига серҳосил кўчатлар экиш, ерга ва иқлимга мос навлар танлаш юқори самара беради, – дейди Навоий вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассиси Шавкат Бобомуродов. – Шу боис ўтган йили 5 фермер хўжалигининг 14 гектарлик мевали боғи реконструкция қилинди. 116 гектар эски токзорлар ўрнида янгиси барпо этилди.
Жорий йилда ҳам боғ ва токзорларни кўпайтириш, қатор ораларига полиз ва сабзавот экинлари экиш кўламини кенгайтириш, маҳсулотни сифатли сақлаш мақсадида совуткич ва омборхоналар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2017 йилда 833 гектар майдонда интенсив боғ, 670 гектар токзор барпо этиш режалаштирилган. Эскирган ва кам ҳосилли 519 гектар боғ ва 91 гектар узумзор реконструкция қилинади. Шунингдек, 12 истиқболли лойиҳа асосида қарийб 2 минг 100 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхоналар ташкил этилади. Етиштирилган маҳсулотни тез ва сифатли қайта ишлаш мақсадида 5 мини-завод барпо этилиши йилига қўшимча 3 минг 520 тонна маҳсулот тайёрлаш имконини беради.
Семинарда турли мевали дарахт навлари, ҳашарот ва зараркунандаларга қарши дори воситалари, қўлланма ва тавсияномалар, техника ва ускуналар кўргазмаси намойиш этилди.